Австралияда осмондан сирли объект қулади
Олам
−
20 Октябрь 65197 2 дақиқа
Жорий йилнинг 18 октябрь куни Австралиянинг чўл ҳудудига осмондан сирли ёнувчи объект қулади. Бу ҳақда “Unilad” хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, полиция ҳудудга бориб, объектнинг келиб чиқишини ўрганишни бошлаган. Жисм аҳоли учун хавф туғдирмаган, аммо унинг келиб чиқиш манбаси ҳануз сир бўлиб қолмоқда. Австралия Транспорт хавфсизлиги бюроси объект тижорат авиацияси билан боғлиқ эмаслигини тасдиқлаган. Биринчи экспертизалар натижаларига кўра, у углерод толасидан ясалган ракетанинг баки ёки юқори босимли идиш бўлиши мумкин. Бу эса уни “аэрокосмик пайдо бўлиш элементига ўхшаш” эканини англатади.
Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган фотосуратларда катта купол шаклидаги объект қизил қум остида ёниб тургани кўринади. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, кейинчалик у тўлиқ ёниб кетган. Полициянинг хабар беришича, объектда космик чиқиндиларнинг белгилари бор. Ҳозирда Австралия космик агентлиги ҳамда ўт ўчириш ва фавқулодда вазиятлар бўлими мутахассислари ҳамкорликда тергов олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятининг Боғот туманидаги уйлардан бирига астероид тушгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Ҳодиса содир бўлган манзилда Ички ишлар бошқармаси ҳамда Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг махсус лаборатория хизматлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган. Ўрганишлар давомида ҳодиса жойида ҳеч қандай фазо жисмлари ёки портлаш хусусиятига эга мосламаларнинг қолдиқлари аниқланмаган.
Моҳичеҳра Қадамова
Live
Барчаси