Авиаҳалокат бўйича турли хил версиялар мавжуд – Алиев
Олам
−
25 Декабрь
12913Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида Azerbaijan Airlines авиакомпаниясига тегишли самолёт ҳалокати сабабларининг ҳозирча номаълум экани, бироқ турли тахминлар мавжудлигини маълум қилди. Бу ҳақда у бугун, 25 декабрь куни ўтказилган фавқулодда йиғилишда сўз очди.
Унинг сўзларига кўра, воқеа сабабларини ҳозирча аниқлашга эрта, масала тўлиқ ўрганилиши лозим. Шунингдек, Алиев самолёт ҳалокати юзасидан Озарбайжон Бош прокуратураси томонидан жиноий иш қўзғатилганини билдирди.
“Биз бахтсиз ҳодисанинг сабабларини билмаймиз. Турли хил версиялар мавжуд. Менимча, бу ҳақда гапиришга ҳали эрта. Менга тақдим этилган маълумотларга кўра, AZAL авиакомпаниясининг Баку-Грозний йўналиши бўйича парвоз қилаётган самолёти об-ҳаво шароити ёмонлашгани туфайли йўналишини ўзгартирган ва Ақтау аэропортига томон йўналган. У ерда қўниш чоғида авария содир бўлган”, деди у.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 25 декабрь куни Озарбайжон авиакомпаниясининг Баку-Грозний рейси бўйича учаётган самолёти Қозоғистонда ҳалокатга учрагани хабар қилинган эди. Шундан сўнг Илҳом Алиев ушбу авиаҳалокат муносабати билан МДҲнинг норасмий саммитида қатнашмай Россиядан Бакуга қайтган. Самолёт йўловчиларидан 37 киши Озарбайжон, 16 киши Россия, 6 киши Қозоғистон ва уч киши Қирғизистон фуқароси бўлганлиги таъкидланган. Самолётнинг қулашига қушлар галаси билан тўқнашув сабаб бўлган. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 38 киши ҳалок бўлган.
LiveБарчаси