Атрофимизда қулликда яшаётган 40 миллион инсон бор

Олам

image

Дунё бўйлаб қарийб 40,3 миллион киши қулликнинг замонавий шакллари қурбони бўлмоқда. Улардан 24,9 миллиони мажбурий меҳнат ва 15,4 миллиони мажбурий никоҳдан жабрланганлар. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2 декабрь – Халқаро қулликка барҳам бериш куни муносабати билан эълон қилинган ҳисоботида сўз боради. 

Ҳужжатда қайд этилишича, дунё бўйлаб ҳар минг кишидан бештаси замонавий қул савдогарларининг чангалига тушган. Уларнинг тўртдан бири болалардир. Бундан ташқари, сайёрамизда ҳар ўнинчи бола, жами 150 миллион бола мажбурий меҳнатга жалб қилинган. 

Ҳар йили 2 декабрда нишонланадиган Халқаро қулликка барҳам бериш куни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Одам савдоси ва жинсий эксплуатацияга қарши курашиш тўғрисидаги конвенция қабул қилинган сана билан боғлиқ.

Қулликка қарши кураш қулдорлик юзага келган илк даврлардан бошланган. Бироқ жаҳон тарихида қулдорлик нафақат гуллаб-яшнаган, балки рағбатлантирилган шармандали саҳифалар ҳам бор. Бугунги илғор асримизда қуллик тақиқланган бўлса-да, лекин у ҳали ҳам мавжуд бўлиб, минг йиллар аввалгидек, бир кишини бошқасига нисбатан камситишга асосланган.

Мажбурий меҳнат, жинсий эксплуатация, уруш асирлиги, оилавий қуллик, мажбурий никоҳ, келин сотиш, беваларни мерос қилиб олиш, қуролли можароларда фойдаланиш учун болаларни мажбуран жалб қилиш, одам савдоси ва бошқалар – бу қулликнинг замонавий шакллари бўлиб, уларни йўқ қилиш бугунги куннинг асосий муаммоси ҳисобланади.

Шу боис давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва бошқа тузилмаларнинг саъй-ҳаракатлари бугунги кунда нафақат ана шундай ҳолатларни аниқлаш ва олдини олиш, шахсга қарши жиноятнинг ушбу тури ташкилотчиларини жиноий жавобгарликка тортишга, балки жабрланганларни реабилитация қилишга ҳам қаратилган.

Масалан, Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ) 2016 йил ноябрь ойида кучга кирган Мажбурий меҳнат тўғрисидаги янги юридик кучга эга протоколни қабул қилди. Бу чора қулдорликнинг замонавий шаклларига барҳам бериш йўлидаги муҳим қадам эди.

Ўзбекистонда 2016 йилгача ижтимоий соҳа ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш, ободонлаштириш ишларига олиб чиқиш, пахта теримига олиб бориш кенг қулоч ёзганди. Айниқса, пахта йиғим-теримини мажбурий меҳнатсиз тасаввур қилиб бўлмасди. Бунда эса асосий иш кучи ролини болалар ўйнарди. Ўша вақтлар куз ва қиш ойларида болаларни мактабдан эмас, пахта даласидан топардингиз. Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикасида “Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари тўғрисида”ги 1999 йилдаги 182-сонли Конвенция 2008 йил 8 апрелда ва “Энг кичик ёш тўғрисида”ги 1973 йилдаги 138-сонли Конвенция 2008 йил 4 апрелда ратификация қилинган эди. 

Ўзбекистон Республикаси Халқаро Меҳнат ташкилотига 1992 йил март ойида аъзо бўлиб, ҳозирга қадар мазкур ташкилотнинг 14 та Конвенцияси Ўзбекистонда ратификация қилинган. “Зўраки ёки мажбурий меҳнат тўғрисида”ги 29-сонли Конвенцияда ҳар қандай шаклдаги зўраки ёки мажбурий меҳнат қўлланишини бартараф этиш юзасидан мажбуриятлар киритилган. Шу масалага оид яна бир асос солувчи Конвенция “Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисида”ги 105-сонли Конвенция бўлиб, унда зўраки ёки мажбурий мехнатга жалб қилиш тақиқланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги 349-сонли “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинган .

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 38-моддасига мувофиқ, ёлланиб ишлаётган барча фуқаролар дам олиш ҳуқуқига эгадирлар. Иш вақти ва ҳақ тўланадиган меҳнат таътилларининг муддати қонун билан белгиланган. Ушбу қоида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида кенг ёритилган бўлиб, унга кўра, ишнинг тугаши билан кейинги куни иш бошланиши ўртасидаги кундалик дам олиш вақтининг муддати 12 соатдан кам бўлиши мумкин эмас. Дам олиш кунларида иш вақтидан ташқари вақтда ишлатиш тақиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 7-моддасида Мажбурий меҳнатнинг тақиқланиши белгиланган, яъни “Мажбурий меҳнат, яъни бирон бир жазони қўллаш билан тахдид қилиш орқали ( шу жумладан меҳнат интизомини сақлаш воситаси тариқасида) иш бажаришга мажбурлаш тақиқланади”, дейилган.    

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2021 йил 12 февралдаги ЎРҚ- 673-сонли Ўзбекистон Республикасининг айрим кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киртилиши назарда тутувчи Қонунни имзолади.

Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига киритилган қўшимчаларга кўра,16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахсларнинг 18 ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлгани ҳолда уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилганлиги учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Ушбу жиноятни содир этган шахсга икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.

Достон Искандаров


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

14

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made