Атом бомбаси тор-мор қилган Япония ёхуд қуёшли ўлка қандай оёққа турди?
Таҳлил
−
24 Август 2021
25498“Халқ учун нондан сўнг энг муҳими мактабдир”.
Француз инқилобчиси Жорж Жак Дантон
Иккинчи жаҳон урушида Германиянинг иттифоқдоши сифатида урушга қўшилган Япония, 1945 йил 15 август куни таслим бўлганлигини эълон қилди. Хиросима ва Нагасакига ташланган атом бомбаси япон халқини тиз чўктирди. Мамлакат ҳудуди АҚШ армияси томонидан эгаллаб олинди. Аммо, япон халқи урушдан сўнг шундай жонкуярлик ва ирода намойиш этдики, бунинг натижасида Япония саноати қисқа вақт ичида Европа мамлакатларини ортда қолдирди. Галдаги тарихий мақоламизда Япониянинг урушдан кейинги аҳволи ҳамда “япон мўьжизаси” ҳақида сўз юритамиз.
Хиросима ва Нагасакидаги ядровий фожиа
АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари 6-9 август кунлари Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳрига ядровий ҳужум уюштирди. Бунинг оқибатида, ўша кунинг ўзида 180 минг киши портлаш қурбони бўлди. Атом бомбасининг ташланиши Японияга мислсиз зарар етказди. Радиация тарқалиши оқибатида ўлим ҳолати кундан-кунга ошиб борди. Беш йил ичида Японияда қурбонлар сони 200 мингга етди.
Урушдан кейинги Япония
Ядровий ҳужумдан сўнг, 1945 йил 15 август куни Император Хирохито Япония таслим бўлганини эълон қилди. 2 сентябрь куни АҚШ билан тинчлик пакти имзоланди. Икки ҳафтадан сўнг, Яапония ҳудуди Америка томонидан оккупация қилинди. Урушда жами 6,5 миллион япон ҳалок бўлди. Тез орада АҚШ Японияга генерал Дуглас Макартур бошчилигидаги саккизинчи денгиз флотини жойлаштирди.
Япония армияси ва флоти қуролсизлантирилди. Ҳарбий муассасалар тарқатиб юборилди. Милитаристик ташкилотлар тақиқланди. Ҳарбий ва сиёсий жиноятчилар судга тортилди. Давлат аппарати жиноятчи унсурлардан тозаланди. Яширин полиция тугатилди. Касаба уюшмалари фаолияти тикланди. Демократик сиёсий партиялар тузилди. Мамлакатда демократик тартиб ўрнатиш учун Токио шаҳрида иттифоқчи давлатлар (АҚШ, Буюк Британия ва Хитой) вакилларидан иборат Иттифоқ Кенгаши тузилди. Бу Иттифоқ Кенгаши Японияни 1952 йилгача ўз назорати остида ушлаб турди. Айнан, АҚШнинг оккупация маъмурияти Японияда чуқур ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар ўтказилишида кафил вазифасини бажарди.
Урушдан сўнг амалга оширилган ислоҳотлар
1946 йилда Японияда аграр ислоҳотлар амалга оширилди. Ҳукумат помешчиклардан 5 миллион 800 минг гектар ерни сотиб олиб, майда деҳқонларга арзонга сота бошлади. Ер ислоҳоти деҳқонлар фойдасига ерни қайта тақсимланишига олиб келди. Эндиликда майда ер эгалари ўзлари етиштирган маҳсулотга ўзлари эгалик қила бошладилар. Ер ислоҳоти бу ҳақиқий инқилоб эди. Унинг ортидан қишлоқ хўжалиги ривожланди, ўғит ишлаб чиқариш жадаллашди, ерга ишлов беришда техникага талаб ортди.
Япония парламенти 1947 йилда мамлакатнинг янги Конституциясини қабул қилди. Унга кўра, Японияда Конституцион монархия тузуми ўрнатилди. Император амалда реал ҳокимиятдан маҳрум этилиб, фақатгина миллатнинг бирлик рамзи сифатида сақлаб қолинди. Бош вазирни Император тайинласа-да, унинг номзодини парламент тасдиқлаши зарур эди.
1953 йилда АҚШ-Япония ўртасида тузилган “Дўстлик, савдо ва денгиз кемалари қатнови тўғрисида”ги битим иккала давлат фуқароларига бир-бирининг ҳудудида эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини берди. Шундан сўнг, америкалик магнатлар Япония бозорига ўз сармояларини олиб кира бошлади.
Америкалик молиячи Д.Додж томонидан Япония иқтисодиётини барқарорлаштириш учун “Dodge Line” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ислоҳотнинг моҳияти инфляцияни бартараф этиш ва иқтисодиётни барқарорлаштириш эди. Бу молиявий ислоҳот Япониянинг ташқи савдо ҳолатига ижобий таъсир кўрсатди. Тез орада, Япония пул бирлиги ийен барқарорлашди. Бунинг натижасида, давлатда узоқ давом этган молиявий инқироз ўз ниҳоясига етди.
Япониянинг юксалиши
Саноатни тиклаш учун Японияда барча зарур чоралар кўрилди. АҚШ Япониядан репарация (уруш зарарларини қоплаш учун мағлуб давлатдан олинадиган товон пули) олишни бекор қилди. Иш берувчи билан ходим ўртасида японларгагина хос бўлган ҳамкорлик вужудга келди. Эндиликда иш берувчи ва ходим ўртасида шартнома тузиладиган бўлди. Шартномага кўра, корхона, ходимни то нафақага чиққунча иш билан таъминлаши, ходим эса шу йиллар мобайнида корхона учун сидқидилдан меҳнат қилиш мажбуриятини олар эди. Бундан ташқари, япон халқи хорижий мамлакатларнинг ютуқларини ўрганиб, ҳаётга татбиқ эта бошлади. Япониянинг ҳарбий харажатлари йиллик ижтимоий маҳсулот қийматининг атиги бир фоизини ташкил этарди. Бу ҳол бутун капитал маблағининг жуда катта қисмини ишлаб чиқаришга йўналтиришга имкон берди.
Юқоридаги омиллар Япония иқтисодиётининг гуркираб ривожланиши учун замин яратди. 1950 йилга келиб саноат ишлаб чиқариш урушдан олдинги даражага етди. 1951-1970 йилларда мамлакат иқтисодиётининг йиллик ўсиши ўртача 14,6 фоизни ташкил этди. 1960 йилга келиб Япония саноатининг йиллик ўсиши 20 фоизни ташкил қилди. Бундай ўсиш ҳали ҳеч бир давлатда кузатилмаган эди. Бу иқтисодий ривожланиш тарихда “Япон мўьжизаси” деб номланди.
“Япон мўьжизаси”нинг сири
Иқтисодий экспертларнинг таъкидлашича, бу мўжизанинг сири қуйидаги сабабларга боғлиқ:
Биринчи – асосий капиталнинг янгиланиши. Саноат корхоналарида барча эскирган жиҳозлар 1950 йилда алмаштирилди. Бу ислоҳот 1960 йилда ўрта ва майда корхоналарда ҳам жорий этилди.
Иккинчи – Корея ва Вьетнам уруши муносабати билан берилган ҳарбий буюртмалар саноатга жуда катта фойда келтирди. Кейинчалик мамлакатнинг ўзида буюртма кўпайди.
Учинчи – урушдан кейин ҳарбий харажатларнинг йўқлиги. АҚШнинг ўзи 80% ҳарбий харажатларни молиялаштирди. Ҳарбий харажатлар 1970 йилга келганда бюджетнинг 1,2 фоизини ташкил этди.
Тўртинчи – концернларнинг кўптармоқлилиги капитални айлантиришда қўл келди. Масалан, кемасозлик корхоналари қийин пайтларда машинасозлик, кимё жиҳозлари, турбиналар ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мослаштирилди.
Бешинчи – мамлакатда энг муҳим саноат тармоқлари бўлган атом саноати, ракетасозлик ва бошқа соҳаларга капитал қўйиши мувофиқлаштирилди. Давлат ҳисобидан кўплаб саноат корхоналари янги жойларга кўчирилди.
Олтинчи – бошқа мамлакатлардан техник ёрдам тўғрисида лицензиялар сотиб олишдан жуда кенг фойдаланилди. Илмий-техник изланишларга кўп маблағ сарфланди.
Еттинчи – Бир соҳа чиқиндилари бошқа соҳага йўналтирилди.
Саккизинчи – ходимларга “психологик ёндашув”. Япония корхоналари ишчиларни ишга лаёқатсиз бўлиб қолгунича ёки умрбод иш билан таъминлаш тўғрисида шартнома тузади. Ишчи эса интизомли, ҳар қандай қийинчиликка чидайдиган, корхонани ўзиники деб билиши ва унга хиёнат қилмаслиги зарур эди.
Япония иқтисодиёти ривожланишида ташқи савдо муҳим роль ўйнади. 1965 йилгача Японияда импорт даражаси экспортга нисбатан юқори бўлди. Аммо, 1965 йилдан кейин экспорт ҳажми юқорилай бошлади.
1968 йилга келиб Япония жами миллий маҳсулот ҳажми жиҳатидан Франция, Буюк Британия ва ГФРни ортда қолдирди. Бу борада дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўринга чиқиб олди.
1981 йилда Японияда яна бир мўьжиза рўй берди. Шу йили Япония енгил автомобиль ишлаб чиқариш бўйича АҚШни ортда қолдирди. Мамлакатда видеотехника, рангли телевизор ва бошқа маиший техника ишлаб чиқариш мисли кўрилмаган даражада ўсди.
Иккинчи жаҳон уруши япон халқининг қаддини анчайин букиб қўйган бўлса-да бу миллат синовлар қаршисида таслим бўлмади. Урушдан сўнг ҳукумат таълимга катта эътибор қаратди. 2012 йилдан 2020 йилгача Япония Бош вазири лавозимида ишлаган Синдзо Абэдан Япония тараққиёти, “япон мўъжизаси”нинг сабабини сўрашганда: “Биз ўқитувчиларга вазирнинг маошини, дипломатнинг дахлсизлигини ва императорнинг ҳурматини бердик”, деб жавоб берган экан.
LiveБарчаси