“Атлетико Мадрид” “Арсенал” устидан UEFA га расмий шикоят юборди
Спорт
−
21 Октябрь 2025 1846 1 дақиқа
Испаниянинг “Атлетико Мадрид” клуби “Арсенал” стадионидаги шароитлардан норози бўлиб, UEFA'га расмий шикоят билан мурожаат қилди. Бу ҳақда AS нашри хабар берди.
Манбага кўра, “Атлетико Мадрид” футболчилари “Эмирейтс” стадионида машғулот ўтказгач, иссиқ сув йўқлиги сабабли душ қабул қила олмаган. Бу эса жамоа ичида катта норозиликка сабаб бўлган.
Маълум бўлишича, Диего Симеоне шогирдлари UEFA Чемпионлар лигаси доирасидаги “Арсенал”га қарши ўйин арафасида машғулот ўтказган ва ўша пайтда иссиқ сув таъминоти билан боғлиқ муаммога дуч келган. “Арсенал” ходимлари бу носозликни тан олган, бироқ машғулот якунига қадар муаммони бартараф этишга улгуришмаган.
Ёмғир остида ўтган машғулотдан сўнг футболчилар душ қабул қила олмаганидан кейин 45 дақиқа давомида автобусда жамоа меҳмонхонасига қайтишган. “Атлетико” томони бундай ҳолат “Эмирейтс” каби жаҳон даражасидаги стадионда содир бўлиши мумкинлигига ишонмаганини билдирган. Клуб ушбу ҳолат юзасидан UEFA'га расмий шикоят юборган ва масала 21 октябрь куни ўтказиладиган расмий йиғилишда муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Маълумот учун, “Арсенал” ва “Атлетико Мадрид” жамоалари учрашуви 22 октябрга ўтар кечаси Тошкент вақти билан соат 00:00 да бўлиб ўтиши режалаштирилган.