Атамбоевнинг яна қачонгача ҳибсда сақланиши маълум бўлди
Олам
−
07 Февраль 2021
14749Қирғизистоннинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоевнинг ҳибсда сақланиш муддати 7 апрелга қадар узайтирилди.
Атамбоевнинг адвокати Замир Жоошевнинг айтишича, 4 февраль куни Первомайский туман суди 64 ёшли сиёсатчини уй қамоғига олиш тўғрисидаги талабини яна рад этган.
Эслатиб ўтамиз, 28 январь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекнинг Первомайский туман судида Алмазбек Атамбоев билан боғлиқ ишлар бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтганди. Айбланувчиларнинг баъзилари йўқлиги сабабли, (Алмазбек Атамбоевдан ташқари академик Абдухалим Раимжонов йўқ эди), судни 3 февралга қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинганди.
Атамбоев нимада айбланганди?
2006 йилда “қонундаги ўғри” Азиз Батукаев Бишкек атрофидаги колониялардан бирида тартибсизликлар келтириб чиқаргани учун 16 йил 8 ойга озодликдан маҳрум қилинган. Тўполон пайтида депутат Тинишбек Акматбаев, жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Икматулла Полотов ва парламентнинг икки аъзоси ўлдирилганди.
2013 йилда Батукаев қамоқдан тиббий комиссия хулосасига кўра озод қилинган. Хулосага кўра, Батукаевга қон саратонининг сўнгги босқичи ташхиси қўйилган. У қамоқдан чиқиш билан дарҳол тарихий Ватани Чеченистонга учиб кетган. Тез орада тиббий ҳужжатлар сохта эканлиги аниқ бўлган, аммо Қирғизистон ҳукумати Батукаевни ортга қайтара олмаган.
Батукаевнинг озод қилиниши бўйича очилган жиноят иши якунида Атамбоев 11 йиллик қамоқ жазосини олганди. Август ойида Бишкек шаҳар судининг ҳайъати ушбу ҳукмни тасдиқлади.
Қайд этилишича, бу ишда собиқ Президентдан ташқари яна уч киши – шифокор Абдуҳалим Раимжонов, собиқ бош прокурор Индира Жолдубаева ва Жазони ижро этиш давлат хизмати бошлиғининг собиқ маслаҳатчиси Калибек Качкиналиев иштирок этган.
Собиқ маслаҳатчи ҳибсда сақлангани учун икки йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини олган. Жолдубаева 5 миллион сом (66,7 минг доллар) жаримага тортилган. Шифокор эса жиноятнинг муддати ўтганлиги туфайли жазодан қутулиб қолган.
Қирғизистонда жорий йилнинг 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловидан кейин бошланган норозилик намойишлари вақтида одамлар Атамбоевни қамоқдан озод қилди. Аммо у кейинроқ Бишкекда намойиш уюштиришда айланиб, яна ҳибсга олинди.
LiveБарчаси