Асосий масалаларни фақат етакчилар ҳал қилиши мумкин – Умаров
Олам
−
03 Июнь
4378Истанбул тинчлик музокараларининг иккинчи раундидаги Украина делегацияси раҳбари, Украина Мудофаа вазири Рустам Умаров Киев Россия билан маҳбусларни озод қилиш борасида муайян тоифаларга эътибор қаратишга тайёр эканини айтди. Бу ҳақда у кеча, 2 июнь куни Истанбулдаги Чираған саройида уюштирилган Туркия-Россия-Украина уч томонлама учрашуви ортидан уюштирилган матбуот анжуманида сўзга очди.
Унинг айтишича, икки давлат ўртасидаги асосий масалаларни фақат етакчилар даражасида ҳал қилиш мумкин.
Вазир Умаровга кўра, Украина томонининг меморандуми бир неча кун аввал Россияга топширилган. Россия делегацияси эса кечаги музокараларда Украинага ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги ҳужжатни тақдим этган. Ҳужжатни ўрганиш учун бир ҳафта керак бўлади.
Украина делегацияси раҳбарининг сўзларига кўра, улар кейинги қадамларни мувофиқлаштиради.
“Киев барча маҳбуслар ва украиналик болаларни озод қилишни талаб қилмоқда”, дея қўшимча қилди вазир.
Умаровнинг таъкидлашича, маҳбусларни озод қилиш босқичида улар алоҳида тоифаларга эътибор қаратишга тайёр.
“Ҳарбий асирларни озод қилиш масаласида биз рақамларга эмас, аниқ тоифаларга эътибор қаратишга келишиб олдик. Биз барча оғир ярадор ва оғир касал бўлган ҳарбий асирларга алмашишга келишиб олдик. Иккинчи тоифа – 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган ёш аскарлар. Ҳаммаси учун ҳаммаси. Шунингдек, биз 6000 ўлган аскарнинг жасадини алмашишга келишиб олдик”, деди у.
Умаровнинг қўшимча қиллишича, Украина томони қайтарилиши керак бўлган бир неча юз украиналик болалар рўйхатини Россияга берган ва бу Киев учун ўта муҳим устувор масала.
“Агар Россия ҳақиқатан ҳам ушбу тинчлик жараёнига содиқ бўлса, бу болаларнинг камида ярмининг қайтиши ижобий кўрсаткич ҳисобланади”, деб тушунтирди вазир.
Украина делегацияси раҳбарининг айтишича, Украина 20 июндан 30 июнгача Россия билан янги учрашув ўтказишни таклиф қилган. Унинг қўшимча қилишича, агар Россия ва Украина раҳбарлари иштирок этса, Америка етакчиси Дональд Трамп ҳам учрашувда иштирок этиши мумкин.
“Биз делегациялар ўртасидаги кейинги иш, агар у етакчилар учрашувига тайёргарлик кўришга қаратилган бўлса, мантиқий бўлади, деб ҳисоблаймиз. Биз Россия томонига шу ой охиригача — 20 июндан 30 июнга қадар етакчилар даражасида учрашув ўтказишни таклиф қилдик. Бу музокаралар жараёни учун жуда муҳим. Биз айтамиз: бу уруш тугаши керак. Бутун дунё бизни қўллаб-қувватламоқда. Биринчи қадамлар жангларни тўхтатиш, инсонпарварлик қадамларини қўйиш ва етакчилар учрашувига тайёргарлик кўришдир”, дея қўшимча қилди Умаров.
Унинг сўзларига кўра, агар Россия “ўт очишни тўхтатиш, гуманитар чоралар кўриш ва Президентлар учрашувига тайёргарлик кўришга рози бўлмаса, халқаро санкциялар ортидан келиши керак”.
ТАСС хабарига кўра, делегациялар учрашуви олдидан Россия Федерацияси ва Украина делегациялари раҳбарлари Владимир Мединский ва Рустам Умаров 2,5 соат давомида музокаралар ўтказган.
Кеча, 2 июнь куни Истанбулда Чираған саройида бўлиб ўтган тинчлик музокараларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди. Россия делегациясига Президент ёрдамчиси Владимир Мединский, Украина томонига Мудофаа вазири Рустам Умаров бошчилик қилди. Учрашув ёпиқ форматда ўтказилди.
LiveБарчаси
Доллар курси яна ошди.
15 Июль
Москва яна сув остида қолди.
15 Июль