Ашула билан ишингда 10 баравар барака бўлади – Мирзиёев
Жамият
−
28 Июнь 2020
28690Ўзбекистонда бундан буён умумий ўрта таълим мактабини битираётган барча ўқувчилар бирор мусиқа асбобини чалишни билиши керак ва бу уларнинг шаҳодатномасида қайд этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев кеча, 27 июнь куни Наманган вилояти фаоллари билан ўтказган йиғилишида гапирган. Давлат раҳбарининг фикрича, ашула эшитиб бажарилган ишда 10 баравар барака бўлади.
Президент Маданият вазири Озодбек Назарбеков ва Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовга юзланиб, шундай дейди:
“Маданият соҳасида ислоҳот бўйича жуда катта қарор қабул қилдик. Шу қарор бўйича Наманган тажрибасини амалга оширсак. Ўзлигимизни англаш нуқтайи назаридан маданиятимизга ҳам урғу бериб, Наманган тажрибаси қилиб, вилоят кенгаши қарорини чиқариб, ҳар бир туман, ҳар бир мактаб кесимида қилсак, мен ўйлайманки, тўғри бўлади.
Аттестат олишда, ҳаммамиз ўрганганмиз – физика, математика бўйича баҳо бўлади. Топшириқ бердимки, энди аттестатда ҳар бир мактабда 11-синфни битирган болаларимиз битта чолғу асбобини ўрганган деган баҳоси бўлади”.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу топшириғи залда ўтирганлар томонидан олқишлар билан кутиб олинди. Давлат раҳбари сўзида давом этаркан, мазкур янги тажрибани қўллашнинг сабабларига тўхталади:
“Бу нима учун керак? Иқтисодиётни тиклаймиз, лекин шунинг баробарида маданиятимизни тиклаб бормасак, эртага маънавий озуқа бўлмаган элда, халқда, ёшда ютуқ бўлмайди”.
Шавкат Мирзиёев Президент лавозимини эгаллаган илк кунлардан бошлаб, мамлакатда маданият ва санъат соҳасини инқироздан олиб чиқиш масаласига жиддий эътибор қаратмоқда. Давлат раҳбари 2017 йилнинг 3 август куни Ўзбекистон ижодкорлари зиёлилари билан учрашиб, кўплаб соҳадаги муаммоларни муҳокама қилганди. Аммо ўзгаришлар ҳали ўз натижасини кўрсатганича йўқ. Давлат раҳбари ушбу йиғилишда режиссёрлардан тортиб, хонандаларгача қаттиқ танқид қилганди. Халқ артистлари тўйдан ортмаётганини қоралаганди. Шундан кейин маданият ва санъат соҳасида сунъий силжиш кузатилди. “Ўзбекконцерт”да Халқ артистлари клуби ташкил этилди, артистлар ҳокимларга маслаҳатчи бўлди, коллеж директорлигига тайинланди. Орадан уч йил ўтди, муаммолар ўша-ўшалигича қолмоқда. Ўша йиғилишда ҳар бир уюшма ва ижодий ташкилотларга мамлакатнинг бой корхона ва ташкилотлари ҳомий сифатида бириктириб берилганди. Аммо ҳомийлик ҳам узоққа чўзилмади.
Президент Шавкат Мирзиёев Намангандаги нутқида давом этаркан, корхона ва ташкилотларда шанба кунини “ашула куни” куни сифатида белгилашни таклиф қилди.
“Нимага корхоналарда, олийгоҳларда танаффусларда мақом ансамблининг ашулаларини, Маъмуржон Узоқовни қўйиб қўймаймиз? Наманганнинг халқ артистлари бор. Нега уларни қўйиб қўймаймиз? Биз ташвишлар билан бўлиб, мақом эшитмай қўйдик.
Биласизларми, маданият билан яқин бўлган инсоннинг дунёқараши маданиятли бўлади. Унинг умри узоқ бўлади. Ҳар бир катта корхонада ҳам мана 10 миллион инвестиция олиб келяпти. Лекин, 10 миллион инвестиция олиб келганда битта чолғу ансамбли қилса бўладими? Битта мақом ансамбли қилса бўладими? Шанба куни ашула эшитадиган кун қилиб кўйгин ўша ерда. Ашула билан сени ишингда 10 баравар барака бўлади. Маданият билан сени ўша корхонангда 10 баравар янги-янги режаларга киришади. Одамнинг чеҳрасида меҳр пайдо бўлади”, дейди Президент.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев май ойи охирида “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ва “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь