“Ашраф Ғанининг хотини” Ҳиндистонда 71 ёшли эркакни 6,1 млн долларга чув туширди
Олам
−
10 Апрель 2023
18376Ҳиндистонда ўзини Афғонистоннинг собиқ биринчи хоними, собиқ президент Ашраф Ғанининг хотини деб таништирган аёл 71 ёшли эркакни 6,1 миллион долларга чув туширди. Бу ҳақда "Hindustan Times" хабар берди.
Қайд этилишича, Мумбай шаҳри полициясига Рамешбабу Шоҳ исмли эркакдан ариза келиб тушган. Аризада айтилишича, бир неча фирмаларда ҳисобчи бўлиб ишлайдиган Рамешбабуга жорий йилнинг 18 февраль куни электрон почта хабари келган. Унда хабар юборувчиси ўзини Афғонистоннинг собиқ президенти Ашраф Ғанининг хотини Рула Ғани деб таништирган.
Эркак бир неча кундан сўнг унга жавоб ёзиб, нима ёрдам кераклигини сўраганида, аёл Ҳиндистонга 22 миллион доллар сармоя киритмоқчи эканини айтиб, Рамешбабудан бу ердаги ишларини бошқариб туришини сўраган.
“У шунингдек, барча инвестиция суммаси менинг ҳисобимга юборилишини ва мен унинг 25 фоизини комиссия сифатида сақлашим мумкинлигини айтди. Почтага унинг паспорти нусхаси, сармоя киритмоқчи бўлган пули борлигини кўрсатадиган банк ҳужжатлари ҳамда сурати илова қилинган. Шунингдек, у Индонезиядаги вакили тез орада мен билан боғланишини айтди", дейди эркак.
Бир неча кундан сўнг унга WhatsApp орқали +62 кодли (Индонезия) рақамдан қўнғироқ бўлган.
“Қўнғироқ қилган шахс ўзини Руланинг вакили деб таништирди. У бутун жараённи бошлаш учун Индонезия банкида ҳисоб очишим кераклигини айтди. У мендан PAN картам, паспортим ва иш ҳақи ҳисобимдаги баъзи маълумотлар каби ҳужжатларни юборишимни сўради", дейилади шикоятда.
Қўнғироқ қилган шахс Рамешбабу Шоҳдан банкда ҳисоб очиш учун 360 доллар жўнатишини ҳам буюрган.
Рамешбабу керакли ҳужжатларни жўнатгач, у билан боғланган киши унга айтилган суммани Ҳиндистондаги ҳисобига ўтказиши мумкинлигини айтган. Бироқ у шундай қилмоқчи бўлганида битим амалга ошмаган.
“Мен қўнғироқ қилувчи билан яна боғландим, у менга пул ўтказишга халақит бераётган техник хатолик борлигини айтди. Шунингдек, у пул ўтказмаларини амалга ошириш учун яна бир қанча жараёнлар кераклигини айтди", дейди шикоятчи Рамешбабу Шоҳ.
Бир ҳафта ёки ундан кўпроқ вақт кутгандан сўнг, Рамешбабу яна Ҳиндистондаги ҳисоб рақамига пул ўтказмоқчи бўлади, бироқ бу сафар ҳам бу амалга ошмайди. Айни пайтда Рула Ғанининг вакили экани айтилаётган киши маблағни Рамешбабунинг манзилига жўнатишини айтади. 4 апрель куни қора танли эркак унинг уйига келиб, унга бир сумка ташлаб кетади ва пуллар шу сумка ичида эканини айтади. Рамешбабу эртаси куни сумкани очганида унинг ичида пул эмас, қоғоз борлигини кўради.
Рамешбабу Шоҳ тахминан 6,1 миллион долларга чув тушганлиги айтилмоқда. Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани хабар қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда икки эркак 74 ёшли аёлни 50 минг долларга "ухлатиб" кетганди.
Нодиржон Мадаминов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь