Ашраф Ғани Тошкентдаги конференцияда “Толибон” билан юзма-юз тўқнашишга тайёрлигини айтди

Олам

image

Расмий Кобул “Толибон” билан “юзма-юз тўқнашишга” тайёр. Бу ҳақда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани кеча, 16 июль куни Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция доирасида қилган чиқишида баён қилди.

“Биз “Толибон”ни Афғонистон ҳукумати билан [мунозарали] масалаларни тўғри ҳал қилиш ва [таҳликани] олиб ташлаш учун ҳамкорлик қилишга чақирамиз”, дейди Ғани. 

Бундан ташқари, Афғонистон Президенти расмий Кобулнинг “Толибон” билан “юзма-юз тўқнашишга” тайёрлигига ишора қилган.

Шунингдек, Президент Ғани мамлакатдаги вазиятни “минтақавий келишув” га эришмасдан ҳал этиш мумкин эмаслигини таъкидлаб, Афғонистондаги уруш ва беқарорлик бутун минтақага жуда катта таъсир кўрсатаётганини қўшимча қилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 апрель куни АҚШ Президенти Жо Байден Афғонистондаги операцияни тугатиш тўғрисидаги қарорини эълон қилди. Бу қарор Америка тарихидаги энг узоқ хорижий ҳарбий кампания якунига етганини англатарди. Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоиздан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетишга улгурди. Бундан ташқари халқаро коалиция иштирокчиларидан Италия, Германия ва Австралиянинг барча ҳарбий хизматчилари мамлакатни тарк этган. 

Хориж қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон”нинг мамлакат бўйлаб ҳарбий ҳаракатлари фаоллашиб қолган. Улар бирин-кетин Афғонистон районларини ўз назоратига олмоқда. Ҳаракат вакилларининг сўзларига кўра, улар Афғонистон Ислом Республикаси ҳудудининг қарийб 85 фоизини, шу жумладан бешта давлат — Эрон, Хитой, Покистон, Тожикистон ва Туркманистон билан чегарадаги назорат пункларини ҳам қўлга олишга муваффақ бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

149

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг