“Асалҳоней”нинг қотили ҳибсга олинди

Олам 51026
image

Инста-блогер “Асалҳоней”нинг вафоти бўйича бошланган тергов ҳаракатлари тугадими? Жараён қайси босқичда, қотил топилдими? Шу каби саволлар билан QALAMPIR.UZ Бош прокуратура Матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов билан боғланди. 

“Асалҳоней” қотиллиги буйича жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари якунланиш арафасида. Айбланувчи қамоққа олинган”, дея жавоб қайтарди Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ мухбири билан мулоқотда. 

Маълумот учун, Асал Хўжаеванинг мурдаси жорий йилнинг 18 март куни соат 10:01 да Яшнобод тумани, Махтумқули кўчаси, 99-уй, 210-хонадоннинг ётоқхонасида қотиллик аломатлари билан топилганди.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, Асал Хўжаеванинг ўлими қорин олд соҳасида бир дона санчилиб кирувчи кесилган жароҳати, бўйин чап томони санчиб кесилган жароҳати, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия юмшоқ тўқималарига қон қуйилиши оқибатида юз бергани аниқланган.

Воқеа жойи криминалистика техника воситалари ёрдамида кўздан кечирилиб, қонга ўхшаш доғлардан намуналар, мурда кийимлари, қўл бармоқ излари, 1 дона ноутбук, 1 дона флешка, 4 дона уяли алоқа телефони, 4 дона банк пластик карталари далилий ашё сифатида олинган. 

Воқеа жойига Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари Икром Наримов, шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Турсунов, Яшнобод тумани прокурори А.Донаев, шаҳар ИИББ ва туман ИИО ФМБ раҳбарияти ҳамда тезкор тергов гуруҳи аъзолари етиб борган.

Айни вақтда Асал Хўжаевани ўлдиришда гумонланган шахс қўлга олинган. Бош прокуратурага кўра, “Асалҳоней” қотиллигида 1997 йилда Хоразм вилоятида туғилган шахс гумонланмоқда.

Қамариддин Шайхов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 2589
Рейтинг: 3
t
×