Artel компанияси Қозоғистонда янги заводни ишга тушириш бўйича музокаралар олиб бормоқда
Бизнес
−
29 Декабрь 2020
6582Artel савдо белгиси остида ишлаб чиқарилаётган маиший техника ва электроника маҳсулотлари нафақат республикамиз ички бозорида, балки ташқи бозордаги кучли рақобат шароитига қарамасдан ўз ўрни ҳамда исътемолчисига эга.
Жумладан, Қозоғистон Республикаси Artel компаниясининг экспорт географиясида стратегик жиҳатдан муҳим ўринга эга давлат ҳисобланади. Ушбу давлатга экспорт миқдори 2019 йилда 21 млн. доллар, 2020 йилда 31 млн. долларни ташкил қилиб, компания экспорт кўрсаткичининг 30 фоизини ташкил қилади.
Ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида, жорий йилнинг 22 декабрида Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилояти ҳоқимлиги таклифига асосан маҳсулотлар экспортини ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Artel компанияси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Туркистон вилоятида хизмат сафарида бўлди. Хизмат сафари давомида Туркистон вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Меиржан Мирзалиев билан учрашувлар ва музокаралар ўтказилди.
Artel вакиллари томонидан 2021-2023 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган, умумий қиймати 85 млн. доллар, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 500 минг дона газ плиталар, 1 млн. дона электр сув иситгичлар ишлаб чиқариш лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Ҳокимият вакиллари ўз навбатида, Қозоғистон Республикасида лойиҳани амалга ошириш учун кредит маблағлари, ер ажратиш ҳамда солиқ тўловлари бўйича тушунтиришлар берилди. Лойиҳани амалга оширишга “Turkistan Invest” ҳудудий агентлиги ёрдамида лойиҳа қийматини тўлиқ миқдорида Қозоғистон Республикасининг тижорат банклари томонидан имтиёзли шартлар асосида ажратиладиган кредит маблағлари ҳисобига амалга оширишга келишиб олинди.
Бугунги кунда, Artel маҳсулотлари Қозоғистон Республикасининг йирик электротехника маҳсулотлари савдосини ташкил қилувчи “Sulpak” савдо дўконлари ҳамда “Technodom” интернет савдо дўконлари орқали сотилмоқда.
Artel савдо белгиси остида маҳсулотларни ишлаб чиқариш заводларини Қозоғистон Республикасида ташкил қилиниши қўшни республикада давлат харидлари доирасида ўтказиладиган тендерлар, танловларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун 20 фоизгача бўлган нарх преференцияси механизмидан унумли фойдаланишга ва ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган эҳтиёт қисмларни республикамиздан экспорт қилиш натижасида экспорт кўрсаткичларини ошириш ва Россия Федерацияси бозорларига янада фаол кириб бориш имкониятини яратади.
Айтиш лозимки, бугунги кунда, Artel савдо белгиси остидаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш заводлари Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳрида ва Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳрида ташкил қилинган.
Тожикистон Республикасида умумий қиймати 5 млн. доллар бўлган, йиллик қуввати 60,0 минг дона электр сув иситгичлари, 50 минг дона чангютгич ишлаб чиқариш лойиҳаси мувафаққиятли амалга оширилиб, 150 та янги иш ўринлари яратилган. Лойиҳанинг иккинчи босқичида йиллик ишлаб чиқариш қуввати 100,0 минг дона телевизор ҳамда 50,0 минг дона кир ювиш машиналари ишлаб чиқаришни ташкил қилиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳрида йиллик қуввати 60,0 минг дона кир ювиш машиналари ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлган завод фаолият олиб бормоқда.
Шунингдек, Artel савдо белгиси остидаги маҳсулотлар географиясини ва фаолиятини кенгайтириш мақсадида Ислом тараққиёт банки ва Европанинг HSBC банки ёрдамида Африка давлатларида савдо ҳамкорликлари ва ишлаб чиқариш қувватларини яратиш бўйича ўрганиш ва музокаралар олиб бориш ишлари амалга оширилмоқда.
Реклама ҳуқуқи асосида
LiveБарчаси