Арманистонда яна намойишлар: 21 киши ҳибсга олинди
Олам
−
28 Январь 2021
4105Арманистоннинг амалдаги Бош вазири Никол Пашинянга қарши намойишларда полиция 21 кишини ҳибсга олди. Бу ҳақда Республика полициясига асосланиб “news.am” хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, намойишлар Ҳукумат биноси яқинидаги Ереваннинг асосий майдонида бўлиб ўтган. Акцияда сиёсатчилар, жамоат арбоблари, маданият ва санъат ходимлари иштирок этган.
ТАСС мухбирининг хабар беришича, намойишчилар полиция билан жанжал уюштирган ва Ҳукумат биносига бостириб кирмоқчи бўлган.
“Биз бинога кириб, Пашиняннинг истеъфога чиқишини талаб қилмоқчимиз”, деган намойишчилардан бири.
Пашиняннинг истеъфосини талаб қилувчи намойишлар ўтган йилнинг 10 ноябрь куни Россия Президенти Владимир Путин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян томонидан Тоғли Қорабоғ келажаги тўғрисида баёнот эълон қилинганидан сўнг бошланди.
Томонлар минтақада ўтган йилнинг сентябрь ойи охиридан бери давом этиб келаётган жанговар ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисида келишиб олди ва Ереван Тоғли Қорабоғ ҳудудларининг бир қисми устидан назоратни йўқотди. Арманистонда кўпчилик бу келишувларни ҳарбий ва сиёсий мағлубият деб ҳисоблади.
LiveБарчаси