Арманистонда филлоксералар ҳужуми кузатилди - бу Ўзбекистон учун ҳам таҳдидми?

Бу қизиқ

original-13ab

Яқинда бир қатор хорижий оммавий ахборот воситаларида Арарат водийсидаги узумзорларда ўта хавфли зараркунанда ҳашарот — филлоксера, бошқача айтганда ток кушандаси тарқалаётгани хабар қилинди. Қайд этилишича, кейинги йилларда Арманистон ҳудудида зарарланган ўчоқлар сони тобора ортиб бормоқда.

Арарат водийси — Арманистондаги энг йирик мева ва узумчилик маркази ҳисобланади. 2000-йилларгача ҳам бу ҳудудга филлоксеранинг “қадами” етмаган эди. Аммо бир неча йил олдин ҳашаротларнинг кейинчалик зарарланган майдонлар кенгайишига сабаб бўлган илк катта манбаи аниқланди. Ҳозиргача уларни узил-кесил йўқ қилишнинг чораси топилмагани фермер ва деҳқонлар хавотирини янада оширмоқда.

Ўзбекистонда ҳам узум етиштирилади. Бу ҳашарот Ўзбекистон учун ҳам хавфли. Унинг қай даражада хавфли экани ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси маълумот берди.

“Забт этилган” ҳудудлар

Филлоксера “даҳшати”ни тўлиқроқ тасаввур қилиш учун айрим маълумотларга тўхталиб ўтсак. Ушбу офатнинг “ватани” – Шимолий Америка. Биринчи бор 1854 йилда Аза Фитч томонидан аниқланган. Европа ва Ўрта ер денгизи ўсимликлар карантини ва ҳимояси ташкилоти маълумотига кўра, бугунги кунда дунёнинг 59 та мамлакатида тарқалган.

Ҳашаротлар сўнгги 20-30 йил давомида Европа давлатларидаги 60 миллион гектарга яқин токзорлар қуришига сабаб бўлди. Ўз вақтида, филлоксера “босқини” Франция иқтисодиётига жуда катта “зарба” берган. Масалан, ХХ аср бошларида ушбу мамлакатдаги 2,5 млн гектар узум майдони кушандалар дастидан тўлиқ йўқотилган ёки вайронага айланган. Маълумотларга қараганда, фаранглар юрти 1888 йилда 10 миллиард, 1894 йилда эса 20 миллиард франк миқдорида зарар кўрган. Умуман, филлоксера ўзи “забт этган” ҳудудлардаги жами 6, 5 млн гектар узумзорни кунпоякун қилган.

Жуфтсиз кўпаювчи “жаллод”

Ток “жаллоди” ўзи учун қулай, яъни нам иқлим шароитида бемалол ривожланади ҳамда партеногенетик усулда — урғочилари эркак ҳашаротлар билан қўшилмасдан яхши кўпаяди. Филлоксера сўрувчи ҳашоратлар гуруҳига киради ва фақат токда яшайди. Ток навларининг зараркунанда тушган жойларида чириш ва тўқималарда емирилиш бошланади, сўнгра илдизлар қурийди. Ҳашарот зарарлаган ток тупларининг ўсиши ва ҳосилдорлиги кескин камаяди, бир неча йилдан сўнг бутунлай яроқсиз ҳолга келади.

Филлоксера овалсимон шаклда, танаси сарғиш-яшил рангда, узунлиги 0,8-1,2 миллиметр бўлади. Шу боис уни оддий кўз билан пайқаш қийин. Ҳашаротнинг икки хил тури бор: бири кўпроқ ток илдизлари ҳамда узум тупининг ер ости поясида “умргузаронлик” қилса, бошқаси ток барги, баъзан япроқ банди ёки қаламчасида ҳаёт кечиради. Баргсевар тури Европа минтақасидан келтирилган узум навларига хавф солмайди, улар асосан Шимолий Америка навлари ёки улар билан чатишган дурагайларини “хуш кўради”.

Зарарланган ҳудудларда ток фақат ёввойи токка пайванд қилинган ҳолда экилади ҳамда бир йилда 20 мартадан — 50-60 мартагача кимёвий кураш олиб борилади. Бу эса, ўз-ўзидан узумнинг таъми ва сифатига таъсир этмай қолмайди.

Ўзбекистон хавфдан ҳоли, бироқ...

Ўзбекистон филлоксера “ҳужуми”га учрамаган камсонли давлатлардан ҳисобланади.  Аммо бу, асло — хавотирга ўрин йўқ, дегани эмас. “Душман” исталган пайтда маҳаллий узумзорларга ҳам “таҳдид” солиши мумкин. Бу эса ушбу офат кириб келишининг олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни мунтазам амалга ошириб боришни тақозо этади.

Энг аввало, филлоксера тарқалган мамлакатлардан ток кўчати ва қаламчаларини келтириб экиш мумкин эмаслигини деҳқон ва фермерлар, тадбиркорлар яхши билиши шарт. Айни пайтда, фуқаролар четдан қўл юки орқали ток кўчати олиб келиниши мамлакатдаги бебаҳо узум навларининг йўқотилишига,  умуман — миллий узумчилик саноатининг инқирозига сабаб бўлиши мумкинлигини унутмаслиги лозим.

Ўз навбатида, мамлакатдаги барча боғбон, фермер ва деҳқонлар, иссиқхона ҳамда томорқа ер эгаларидан узумзорларда ток кушандаси — филлоксералар пайдо бўлганидан огоҳ этувчи шубҳали белги-ишораларни пайқаганда зудлик билан ҳудудий карантин инспекцияларига хабар беришлари сўралди.

Хулоса қилиб айтганда, нафақат тиббиёт,  балки ўсимликлар ҳимоясида ҳам донишмандлар томонидан айтилган бебаҳо ҳикматни унутмаслик керак: “Касални даволашдан кўра, уни олдини олиш осонроқ”.


Мақола муаллифи

Теглар

филлоксера

Баҳолаганлар

39

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар