Арманистон ва Озарбайжон куч ишлатишдан тийилишга келишиб олди

Олам 2269
image

Россия Президенти Владимир Путин, Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян жорий йилнинг 31 октябрь куни Сочида бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича қўшма баёнот имзолади. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар бермоқда.

Баёнотда айтилишича, Арманистон ва Озарбайжон куч ишлатишдан ва уни қўллаш билан таҳдид қилишдан тийилишга келишиб олдилар. 

“Биз куч ишлатишдан ёки уни қўллаш билан таҳдид қилишдан тийилиш, барча муаммоли масалаларни фақат БМТ Низоми ва Олмаота декларациясига мувофиқ суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва чегаралар дахлсизлигини ўзаро тан олиш асосида муҳокама қилиш ва ҳал қилишга келишиб олдик”, дейилади ҳужжатда. 

1991 йил 21 декабрда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг мақсадлари ва тамойиллари тўғрисидаги Олмаота декларацияси қабул қилинган. Уни Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Украина имзолаган эди.

Россия, Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил 9 ноябрдаги келишувларга риоя қилиш мажбуриятини тасдиқлади ва қолган гуманитар муаммоларни ҳал қилиш учун қўшимча саъй-ҳаракатларни амалга оширади. 

“Биз Озарбайжон-Арманистон муносабатларини ҳар томонлама нормаллаштириш, Жанубий Кавказ тинчлиги, барқарорлиги, хавфсизлиги ва барқарор иқтисодий ривожланишини таъминлаш манфаатлари йўлида ушбу келишувларнинг барчасига қатъий риоя қилиш мажбуриятини яна бир бор тасдиқладик. Биз қолган вазифаларни, жумладан, гуманитар масалалар блокини зудлик билан ҳал қилишга қаратилган қўшимча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга келишиб олдик”, дейилади ҳужжатда.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 29
Рейтинг: 3
t
×