Археологлар Амир Темур қабрини очдими?
Жамият
−
26 Февраль 2022
30624Ижтимоий тармоқларда ўтган йилнинг декабрида Ўзбекистон Фанлар академияси Президиумининг Самарқанддаги Гўри Амир мақбарасида Амир Темур қабрини очиш бўйича қарори қабул қилингани ва жорий йилнинг 23 февраль куни археологлар томонидан мақбара очилгани ҳақида хабар тарқалди. Фанлар академияси Матбуот хизмати мазкур хабар юзасидан расмий изоҳ берди.
Қайд этилишича, ушбу хабар ёлғон. Фанлар академиясида ушбу масала муҳокама қилинмаган ва кун тартибига қўйилмаган. Археологлар томонидан ҳам ҳеч қандай қазишмалар олиб борилмаган ва режалаштирилмаган. Шу билан бир қаторда хабарда келтирилган қазишма раҳбари деб айтилган Тошмуҳаммад Қори-Ниёзий 1970 йилда вафот этган бўлиб, биринчи Ўзбекистон Фанлар академияси президенти ҳисобланади. Умуман олганда ушбу хабар 1941 йилдаги маълумотлар асосида тайёрланган.
Хабарга кўра, Амир Темур мақбараси 1941 йилнинг 16-22 июнь кунлари ҳукуматнинг махсус қарори билан очилган бўлиб, экспедицияга профессор Тошмуҳаммад Қори-Ниёзий раҳбарлик қилган. Дастлаб Амир Темурнинг ўғиллари Мироншоҳ, Мирзо Шоҳруҳ, невараси Мирзо Улуғбекнинг, 1941 йилнинг 19 июнида эса ўзининг қабри очилган.
Ундан сўнг Амир Темурнинг невараси Муҳаммад Султоннинг қабри ҳам очилган. Антрополог М.М.Герасимов ўзи яратган усул билан Амир Темур, Мироншоҳ, Шоҳруҳ, Мирзо Улуғбек ва Муҳаммад Султонларнинг ҳужжатли портретларини яратган. 1942 йилнинг охирларига келиб, Амир Темур мақбарасидан қазиб олинган суяклар илмий жиҳатдан ўрганиб бўлингач, қайтадан ўз жойларига дафн этилган.
“Ҳурматли журналист ва блогерлар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, бу каби асослантирилмаган ёлғон хабар ва маълумотларни тарқатмаслигингизни сўраб қоламиз!”, дейилади муносабатда.
LiveБарчаси