Аргентинада футболдаги тартибсизлик туфайли собиқ футболчи вафот этди
Спорт
−
07 Октябрь 2022
4240Аргентинанинг Ла-Плата шаҳрида футбол бўйича мамлакат чемпионати доирасидаги “Химнасиа ва Эсгрима” ва “Бока Хуниорс” жамоалари ўртасидаги ўйин вақтида “Хуан Кармело Серильо” стадиони ташқарисидаги мухлисларнинг тартибсизлигини бостириш учун полиция кўздан ёш оқизувчи газ воситаларидан фойдаланган. Оқибатда бир киши ҳалок бўлди, деб хабар берди TyC Sports.
Манба хабарига кўра, 57 ёшли собиқ футболчи Сезар Регейронинг юраги тўполон вақтида хуруж қилиб қолган ва у шифохонага олиб кетилаётганида вафот этган.
Шунингдек, яна уч нафар мухлис оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани таъкидланмоқда.
Жанжал мухлислар аренада бўш жой йўқлигига қарамай зўрлик билан стадионга киришга урингач, полиция қаршилик кўрсатиши ортидан бошланган. Натижада ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари кўздан ёш оқизувчи газни ишлатишга мажбур бўлишган.
Газ таъсирида майдондаги футболчилар ҳам ўйинни тўхтатишган. “Бока” бош мураббийи Уго Ибарра биринчи бўлиб ҳакамдан учрашувни якунлашни сўраган ва шундан сўнг учрашув рефериси ўйинни 9-дақиқада тўхтатган.
Аввалроқ Индонезиянинг Маланг шаҳридаги стадионда футбол ўйини ортидан юз берган тартибсизликларда камида 174 киши ҳалок бўлиб, 200 га яқин одам жароҳат олгани ҳақида хабар берган эдик.
Шаҳзод Шукуров
LiveБарчаси