Аргентина Жаҳон чемпионатидан четлаштирилиши мумкин
Спорт
−
15 Декабрь 4923 2 дақиқа
FIFA Аргентина футбол ассоциацияси (AFA) раҳбарияти билан боғлиқ жанжал туфайли терма жамоани 2026 йилги Жаҳон чемпионатидан четлаштириши мумкин. Бу ҳақда “eldestape” нашри хабар берди.
Манбага кўра, амалдаги жаҳон чемпионининг дисквалификация қилинишига сабаб мамлакатдаги коррупция билан боғлиқ терговлар ҳисобланади. Ҳозирда AFA президенти Клаудио Тапиа, унинг вакили Пабло Товигиньо ва ғазначи ўринбосари Лучано Накисага қарши тергов доирасида янги тинтувлар ўтказилмоқда. Амалдорлар мураккаб молиявий схемалар орқали ноқонуний бойлик тўплашда гумон қилинмоқда.
Шунингдек, мамлакатда миллий терма жамоа ва бир нечта клубларга ҳомийлик қилган “Sur Finanzas” молиявий компаниясига қарши параллел тергов олиб борилмоқда. Компания раҳбари бизнесмен Ариэль Вальехо Тапианинг яқин дўсти ҳисобланади. Терговчилар компаниянинг ўзлаштириш ва солиқ тўлашдан бўйин товлашда гумон қилмоқда.
Нашрнинг таъкидлашича, Аргентина терма жамоасининг 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этиши ҳақидаги қарор энди суд тизимининг тезлигига боғлиқ. FIFA маҳаллий судлар расмийларнинг айбдорлик даражасини иложи борича тезроқ аниқлашини ва уларни вақтинчалик ишдан четлатиш ёки оқлаш тўғрисида қарор қабул қилишини кутмоқда. Шу жараён тугагунча амалдаги жаҳон чемпионининг келажаги сўроқ остида қолмоқда.
Маълумот учун, 2026 йилги Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади. Унда Аргентина гуруҳ босқичида Австрия, Жазоир ва Иордания билан бир гуруҳда ўйнайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Аргентина полицияси мамлакатда 550 миллион долларлик фирибгарлик ва коррупция бўйича давом этаётган тергов доирасида миллий футбол федерацияси ва 35 та клуб офисларида рейд ўтказган эди.
Live
Барчаси