Apple ўз электромобили тақдимотини кечиктирди
Технология
−
08 Декабрь 2022
6774Apple компаниясининг автомобиль саноатига кириш бўйича узоқ йиллик режалари орқага суриладиган бўлди. Бу ҳақда “Gadgets360” хабар берди.
Apple 2025 йилда ўзини-ўзи бошқарувчи автомобилнинг расмий тақдимотини ўтказиши керак эди. Аммо бу муддат бир йилга кечиктирилди. Чунки ҳозирги технология компаниянинг тўлиқ ўзини ўзи бошқарадиган автомобиль ҳақидаги қарашлари билан мос келмайди. 2026 йилда тақдим қилинадиган Titan номли Apple электромобили ҳам фақатгина автомагистралларда ўзини ўзи бошқариши мумкин бўлади.
Маълумот учун, Apple компания ўз машинасини 120 минг доллардан сотишни прогноз қилган эди, аммо ҳозирда автомобиль 100 минг доллардан арзонроққа баҳоланмоқда. Шунингдек, электромобилнинг якуний дизайни ҳам ҳали аниқ эмас. Хабарларга кўра, у ҳозирда “прототип” босқичида.
Apple ўзининг автомобиль бўйича режаларини омма олдида муҳокама қилмаганига қарамай, бу лойиҳа технология ва автомобиль саноатида очиқ сир бўлиб қолмоқда. Чунки Apple йиллар давомида бу соҳада энг яхши истеъдодларни ёллашга интилади. Масалан, шу йил бошида “Lamborghini”нинг собиқ топ менежерларидан бири Луиджи Тараборелли ҳам Apple’нинг автомобиль дизайнига раҳбарлик қилиш учун ёлланган. Асосий рақобатчилардан бўлган Тesla бош директори Илон Маск эса Apple’нинг электромобиллар майдонига кириш режалари ҳақида “Агар мингдан ортиқ муҳандисни ёллаган бўлсангиз, бирор нарсани яшириш жуда қийин”, деган эди.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси