Apple дунё бўйлаб барча дўконларини ёпди
Технология
−
14 Март 2020
7794АҚШнинг дунёга машҳур Apple корпорацияси коронавирус хавфи сабаб бутун дунёдаги дўконларини ёпмоқда. Бу ҳақда компания бош директори Тим Кукнинг кеча, 13 март куни эълон қилган баёнотида айтилган.
Баёнотда қайд этилишича, фақат Хитойдаги дўконлар фаолиятини одатдагидек давом эттиради.
Apple дўконларининг ёпилиши билан боғлиқ қарор жорий йилнинг 27 мартига қадар амал қилади. Харидорлар эса шу кунга қадар интернет-дўкон хизматидан фойдаланишлари ва буюртма беришлари мумкин.
Кукнинг маълум қилишича, кеча, 13 мартдан эътиборан Хитойдаги ёпилган дўконларнинг фаолияти тикланган.
Дўконларнинг ёпилиши билан боғлиқ қарорни изоҳларкан, Кук шундай дейди:
“Бошқа жойларда бўлгани каби, янги инфекция билан зарарланганлар сони кўпайишда давом этмоқда. Биз жамоамиз аъзолари ва мижозларни ҳимоя қилиш учун қўшимча чораларни кўрмоқдамиз”.
Маълумот ўрнида, 2019 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, дунёнинг 25 мамлакатида Apple’нинг 509 та дўкони мавжуд. Аксарият дўконлар АҚШ (271), Хитой (42), Буюк Британия (38), Канада (29), Автралияда (22) ишлайди.
Собиқ СССР мамлакатлари, жумладан Ўзбекистонда Apple’нинг расмий чакана савдо дўконлари мавжуд эмас. Компания ушбу мамлакатда товарларни расмий шериклар ва интернет-дўкон орқали сотади.
Эслатиб ўтамиз, Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида пайдо бўлган коронавирус бугунгача дунёнинг 130 га яқин мамлакатига кириб борди. Айни вақтда бутун дунёда ушбу вирус билан оғриганлар 148 922 кишини ташкил этмоқда. 5547 киши эса ушбу хасталикдан вафот этди. 73 710 киши эса касалликни енгиб ўтиб, буткул соғайди.
LiveБарчаси