АПЛда жисмоний жиҳатдан рақобатбардош бўлиш осон эмас – Тухель

Спорт

image

Англия Премьер-лигасининг (AПЛ) жорий мавсумида бешта футболчини ўзгартиришга рухсат берилмади. Шу сабаб, Европа Чемпионлар лигаси чорак финал баҳсларига жисмоний жиҳатдан рақобатбардош ҳолда етиб келиш қийин эди. Бу ҳақда “Челси” бош мураббийи Томас Тухель UEFАнинг расмий сайтига берган интервьюсида айтиб ўтган.

“Биз жисмоний тайёргарлигимиз борасида қийин аҳволга тушиб қолдик, чунки “Реал Мадрид” бутун мавсумда бешта алмаштиришдан фойдаланиш имкониятига эга эди. Биз энг энергия талаб қиладиган лигада ўйнаймиз. Мавсум давомида энг кўп ўйин ўтказганмиз. Шунинг учун жисмоний жиҳатдан рақобатбардош бўлиш ҳар доим ҳам осон эмас”, деган “Челси” устози.

Тухелнинг қўшимча қилишича, “Челси” жавоб баҳсида куч, чидамлилик ва совуққонликда “Реал Мадрид”дан устун бўлишга ҳаракат қилади.

“Биз чинакам ўзига хос жамоа бўлиш учун куч, чидамлилик ва совуққонликда “Реал”дан устун бўлишга интиламиз. Ўтган ўйинда буни етарлича амалга ошира олмадик. Бунга “Реал Мадрид”нинг ўйинидаги сифат ва тўпга эгалик қилиш орқали баҳс назоратини қўлида ушлаб тургани ҳам сабаб бўлди”,деган Тухель.

Маълумот ўрнида, “Челси” – “Реал Мадрид” ўртасидаги дастлабки учрашув 3-1 ҳисобида мадридликларнинг ғалабаси билан якунланган эди. 

Бугун, 12 апрель куни Мадриддаги (Испания) “Сантяго Бернабеу” стадионида Европа Чемпионлар Лигаси чорак финал жавоб учрашувлари доирасида“Реал” ҳамда “Челси” ўртасидаги баҳс бўлиб ўтади. Учрашув Тошкент вақти билан 00:00да бошланади.

 

Маъруф Абдумаликов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

8

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг