АПЛ: “Сити” 8-марта чемпион бўлди. “Юнайтед” ва “Арсенал” ЕЧЛдан қуруқ қолди

Спорт 2117
image

Англия Премьер лигасининг 2021-2022 йилдаги мавсуми “Манчестер Сити”нинг чемпионлиги билан якун топди. Сўнгги 38-турда “шаҳарликлар” “Астон Вилла” устидан 3:2 ҳисобида иродали ғалабага эришди. Шу тариқа, “Сити” 8-марта Англия чемпионлигини қўлга киритди.

Охирги йилларда “Сити”га муносиб рақобат кўрсатаётган “Ливерпуль” 38-турда “Вулверхэмптон”ни 3:1 ҳисобида мағлуб этганига қарамай, 92 очко тўплаган ҳолда мусобақани 2-ўрин билан якунлашга мажбур бўлди.

Европа Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи 3 ва 4-ўринни Лондоннинг “Челси” ва “Тоттенхэм” жамоалари эгаллади. Шу тариқа, келаси йили Европа Чемпионлар лигасида “Манчестер Юнайтед” ва “Арсенал” иштирок этмайдиган бўлди.

Эътиборлиси, жорий йилда Англия Премьер лигаси чемпионати тўпурари учун кечган пойгада 23 тадан гол урган Сон Хён Мин ва Муҳаммад Салоҳ ғалаба қозонди. Қайд этиш жоизки, Сон АПЛ “Олтин бутса”сини қўлга киритган осиёлик биринчи футболчига айланди ва тарихга кирди. Шунингдек жорий мавсумда 13 та голли узатма муаллифига айланган Салоҳ АПЛнинг энг яхши ассистентига ҳам айланди.

Англияда мавсумнинг энг яхши футболчиси деб “Манчестер Сити” футболчиси Кевин де Брюйне эътироф этилди. Де Брюйненинг жамоадоши Фил Фоден эса йилнинг энг яхши  ёш футболчиси унвонига сазовор бўлди.

“Шаҳарликлар” бош мураббийи Пеп Гвардиола 4-марта АПЛда (АПЛ 1992 йилда ташкил этилган) чемпионга айланди. Бу борада испаниялик мутахассис Жозе Моуриньо ва Арсен Венгерни ортда қолдирди. Ҳар иккала мураббий ушбу мусобақада 3 мартадан ғолиб бўлган эди.

Англия чемпионлигини қўлга киритиш бўйича Алекс Фергюсон етакчи ҳисобланади. Шотландиялик собиқ мураббий “Манчестер Юнайтед” билан бирга 13 марта АПЛда чемпионга айланган.

Гвардиола ўз фаолияти давомида 10-марта чемпионат ғолиблигини қўлга киритмоқда. “Манчестер Сити” билан 4-марта Англияда биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Германия чемпионатида “Бавария” билан, Испанияда “Барселона” билан 3 мартадан бу натижага эришган.

Пеп 2008/09 йилги мавсум “Барселона”даги дебют мавсумидан буён мамлакат чемпионлигини қўлга киритиш бўйича топ-5 лигаларда етакчи ҳисобланади. 13 йилдан буён ҳеч бир мураббий 10 марта чемпион бўлмаган.

Маъруф Абдумаликов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 17
Рейтинг: 3.1
t
×