АОКА муносабат билдирди: “Human” устидан фуқаролар арз қилган

Жамият

image

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 27 январь куни Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтган “Human” интернет-нашри директори Хуршид Далиев, сайт бош муҳаррири Муслим Мирзажонов ва сайтнинг бошқа ходимлари ўзини “орган ходимлари” деб таништирган шахслар томонидан нашрнинг Тошкент давлат аграр университети ҳудудида жойлашган офисидан олиб кетилган эди.

Мазкур ҳолат юзасидан Президент Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (AOKA) муносабат билдириб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Рақамли технологиялар вазирлигига тегишли сўровларни юборганини маълум қилди.

АОКАнинг билдиришича, сайт журналистлари фуқаролар мурожаати ортидан ҳибсга олинган ва офиси тинтув қилинган. 

“Аниқланишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга фуқаролардан ушбу интернет-нашрда ишловчи ходимлар билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушган. Уларга асосан Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Университет кўчаси, 2-уйда тезкор тадбир ташкил этилган. Тез орада батафсил маълумот берилиши таъкидланди”, дейилади АОКА муносабатида.

“Human” нашри директори ҳамда унинг бош муҳаррири идораларга олиб келтилиши ортидан сайт ҳам ёпилди, унга кириш имконияти буткул йўқолди. Бу эса Ўзбекистонда сўз эркинлигининг чекланиши билан боғланди. 

Рақамли технологиялар вазирлиги АОКАнинг сўровига жавобан маълумот беришича, сайт тақиқланган сайтлар реестрига киритилмаган.

“Рақамли технологиялар вазирлигининг маълумотига кўра, “Human” веб-сайти Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи Реестрига киритилмаган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ундан фойдаланилишига чеклов қўйилмаган”, дея қўшимча қилинган хабарда.

Қолаверса, АОКА ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларини “Human” интернет-нашри ходимлари билан боғлиқ вазиятда амалдаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишига ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари таъминланишига чақирган.

Ўзбекистонда фуқаронинг мурожаати асосида бир неча шахснинг қўлга олиниши ва офиси тинтув қилиниши мумкинми?
Агар бу журналист билан эмас, бошқа шахслар билан боғлиқ бўлганида ҳам шундай қилинармиди?

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур ҳолат юзасидан Масс-медиа фонди муносабат билдириб, хавотирда эканини айтган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг