Андижонлик шифокорлар ЎзЛиДеПга овоз беради 

Жамият

image

ЎзЛиДеП раиси Актам Ҳайитовнинг навбатдаги учрашуви Андижон давлат тиббиёт институтида бўлиб ўтди. Мулоқотда малакали шифокорлар ва ҳамширалар, тиббиёт соҳасига энди қадам қўяётган ёшлардан иборат 150 нафардан зиёд сайловчи иштирок этди.    

Учрашув аввалида ЎзЛиДеП етакчиси 5 мақсад ва 500 вазифа доирасида партиянинг келгуси беш йилликка мўлжалланган таклиф-ташаббусларнинг ўзбек халқи ҳаётидаги аҳамияти ҳақида фикр юритди. 

Таъкидланганидек, аҳоли ўртасида касалликларни кескин камайтириш, соғлом турмуш тарзини жорий этиш, ўртача умр давомийлигини 78 ёшга етказиш ҳамда бюджетдан тиббиётга ажратиладиган йиллик маблағ ҳажмини камида 2 карра ошириш партиянинг асосий мақсадлари сирасига киради. Шунингдек, асосий эътиборни касалликлар профилактикасига қаратиш, оналар ва болалар ўлими, болалар ўртасидаги ирсий касалликларни камида 2 баробарга, онкологик, юрак-қон томир, қандли диабет бўйича эрта ўлимни эса 2,5 баробарга камайтириш партиянинг устувор вазифаларидир. Хотин-қизлар ўртасида онкологик касалликларни камайтириш мақсадида 40 ёшдан ошган аёллар учун тегишли даврийликда тиббий кўрикдан ўтиш тизимини жорий қилиш, кафолатланган бепул тиббий ёрдам, унинг аниқ ҳажмининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиши каби долзарб масалаларга ҳам партия сайловолди дастурида кенг ўрин берилган. 

Тадбирда таъкидланганидек, “Тиббий суғурта тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни тезлаштириш, соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш кечиктириб бўлмайдиган вазифадир. Фуқароларга тиббий хизматлар учун кредит ажратиш тизимини жорий қилиш, саломатликни тиклаш учун банкдан 3 йил имтиёзли муддат билан кредит олиш имкониятини яратиш, юрагида нуқсони бор 5 минг болани ва кўриш қобилиятини йўқотиш эҳтимоли юқори бўлган 10 минг чақалоқни ҳар йили бепул даволаш чораларини кўриш партиянинг келгуси беш йилликдаги сайловолди дастурида ўз ифодасини топган. 

Шунингдек, партия чекка ҳудудларда таълим ва соғлиқни сақлаш ташкилотларида меҳнат қилаётган юқори малакали мутахассислар учун тиббий хизмат кўрсатиш, қўшимча таътил кунлари, саёҳат учун тўловлар, уй-жой ижарасини ўз ичига олган “Ижтимоий пакет” тизимини жорий этади. Шифокорларни хорижий мамлакатларга тажриба алмашиш учун давлат ҳисобидан юборишда нодавлат тиббиёт ташкилотлари врачлари учун ҳам квоталар ажратиш, давлат тиббий суғуртаси билан бирга нодавлат тиббий суғурта тизимини жорий этиш ҳам муҳим ташаббуслардир.

Юқори кайфиятда ўтган учрашувда андижонлик тиббиёт соҳаси вакиллари бўлажак сайловда ЎзЛиДеПни қўллаб-қувватлаб овоз беришларини билдиришди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг