Андижонда кўча безорилиги билан шуғулланганлар ушланди (видео)
3-саҳифа
−
20:08 2735 2 дақиқа
Андижон шаҳрида одамларни дўппослаб, кўча безорилиги билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ фош этилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 10 март куни Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси тезкор-қидирув хизмати ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида бир гуруҳ шахсларнинг ноқонуний фаолияти фош этилган.
Жиноий гуруҳ етакчиси сифатида 1995 йилда Асака туманида туғилган Муҳаммадумар Бахтиёр ўғли Исмоилов кўрсатилган. У муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-(безорилик), 110-(қийнаш), 112-(ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) ва 137-(одам ўғрилаш) моддалари билан судланган. Унинг лақаби – “Умар”. Унинг жиноий шериги – Элмурод Бегижон ўғли Эргашев 1993 йилда Избоскан туманида туғилган. У муқаддам Жиноят кодексининг 104-(қасддан баданга оғир шикаст етказиш), 166-(талончилик), 168-(фирибгарлик), 266-(транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) ва 277-моддалари (безорилик) билан судланган бўлиб, лақаби “Элмиш”.
Аниқланишича, улар Андижон шаҳрида жойлашган кафеда моддий манфаат эвазига фуқаролар ўртасидаги мулкий масалаларни гўё “кўча ечими” тарзида ҳал қилиб, безорилик ҳаракатларини содир этиб келган.
Хусусан, жорий йилнинг 23 февраль куни Муҳаммадумар Исмоилов ўзининг таниши Элмурод Эргашев билан мазкур кафега келиб, кaфе ходимларини ҳақорат қилган ва 2007 йилда туғилган йигитни уриб, унга қасддан тан жароҳати етказган.
Бундан ташқари, ушбу шахслар жиноий ҳаракатларини давом эттириб, ўзларига аввалдан таниш бўлган, 1992 йилда Андижон шаҳрида туғилган эркакни ҳам кафега чақириб, у билан жанжал келтириб чиқарган. Хусусан, уни кафе ичидаги хоналардан бирига олиб кириб, у ерда ҳам дўппослаб, тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар процессуал тартибда қамоққа олинган. Ҳозирда ушбу жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятида товламачилик орқали пул ишламоқчи бўлган жиноий гуруҳ аниқланган эди.
Live
Барчаси