Андижонда фуқаро МИБ ходимини пичоқлади

3-саҳифа

image

Андижон вилояти Асака туманида фуқаро Мажбурий ижро бюроси ходимини ҳақорат қилиб, унга пичоқ билан жароҳат етказди. Бу ҳақда МИБ Матбуот хизмати QALAMPIR.UZ’га маълум қилди. 

Қайд этилишича, Фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро судининг 2021 йилнинг 21 октябридаги ижро варақасига кўра, Асака тумани Нажмиддин Кубро кўчасида жойлашган автошоҳбекатнинг йўловчилар учун мўлжалланган кутиш ҳудудида қарздор А.Ж томонидан ўзбошимчалик билан қуриб олинган савдо дўкони қурилмаси унинг ҳисобидан мажбурий тартибда буздирилиши белгиланган.

Мазкур суд қарори ижроси бўйича бюронинг Асака туман бўлими давлат ижрочиси Х.Меҳмонов томонидан 20 ноябрь куни ижро иши юритиш учун қўзғатилиб, суд ҳужжати талабини бажариш ҳақида қарздор бир неча бор огоҳлантирилишига қарамасдан, қонуний талабларни бажармаган. 22 декабрь куни ўтказилган мажбурий ижро ҳаракатларида А.Ж. иштирок этмагани сабаб бошқа кунга қолдирилган.

Суд қарори ижросини ихтиёрий бажармаганлиги учун 2021 йилнинг 25 декабрь куни А.Ж.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198-1-моддаси (қарздорнинг ижро ҳужжатини ижро этмаслиги)га асосан 540 минг сўм жарима жазоси тайинланган.

Жорий йилнинг 11 январида ноқонуний қурилмани бузиш учун ваколатли идоралар вакиллари иштирокида мажбурий ижро ҳаракатлари ўтказилган. Ижро ҳаракатлари давомида қарздорнинг ўғли С.Ж. дўконда бўлган ошхона пичоғи билан тарафларни қўрқитиб, давлат ижрочиси Х.Меҳмоновга тан жароҳати етказган. Оқибатда мажбурий ижро ҳаракатлари бошқа кунга қолдирилган.

“Қонунбузарларга албатта қонуний чора кўрилади, ходимларнинг хатти-ҳаракатларига баҳо берилади. Натижасини ОАВларда тез кунларда маълум қиламиз”, деди МИБ Матбуот хизмати раҳбари Фаррух Тошпулатов. 

Таъкидланишича, ҳозирда мазкур ҳодиса бўйича Асака туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

183

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг