Андижонда аёл 3 ойлик чақалоғини 700 долларга пуллаётганда қўлга тушди
3-саҳифа
−
12 Апрель 2021
3201Асли Избоскан туманида туғилган, аммо турмушидан ажраб, Андижон вилоятининг турли жойларида ижарада яшаб келган фуқаро Г. 3 ойли фарзандини 700 АҚШ долларига сотмоқчи бўлди. Бу ҳақда "Қонун ва ижро" нашри ҳабар бермоқда.
Маълум қилинишича, кимдан экани номаълум бўлган 3 ойлик чақалоғини Г. О. исмли шахс шериклигида сотмоқчи бўлган. Бу хабар тезда тарқалиб, ҳуқуқни мухофаза қилиш органларигача етиб борган.
Тезкор тадбир давомида Г. ва О. истиқомат қилаётган хонадонга чақалоқни кўргани "эр-хотин мижоз” борган. Бу орада Г. исмли фуқаро чақлоғини 700 АҚШ долларига сотмоқчи эканини билдирган. Оғзаки келишувдан сўнг, Андижон шаҳридаги "Дарётранс" олдида кўришишга келишиб олингани маълум бўлган.
“Айтилган вақтда айтилган манзилга О., унинг синглиси Ф. ва чақалоғини кўтарган Г. етиб боришди. “Мижоз” берган 700 долларни Ф. санаб олиб, 500 долларни акасига берди. Қолганини ўзида олиб қолди. Шундан сўнг, Г. чақалоғини “мижоз”га узатди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Г. тилхат ёзиб, фарзандини туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномасини ҳам “мижоз”нинг қўлига тутқазган.
Бу орада эса Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари одам савдосининг олдини олишга қаратилган тезкор тадбир ўтказилганини қайд этиб, гумондорларни қўлга олган.
Суриштирув жараёнларида фуқаро Г. аввал ўзи ижарада яшаган уй эгасида қолдирган боласини боқиб бергани учун 500 доллар қарзи борлигини, фарзандини боқишга қийналгани учун уни сотишга мажбур бўлганини айтган. Бу вақтда у босқинчилик, ўғирлик каби жиноятлари учун жазосини ўтаб чиққан О. билан яшай бошлаган.
Суд мажлиси давомида уй эгаси фуқаро Г.нинг қарзи йўқлиги, О. ва Ф.ни эса танимаслигини айтган. У Г.нинг туғруқхонадан чиқишига ўзи сарф-харажат қилгани, унинг катта фарзандини боқиб келаётгани ва уларга меҳри тушиб қолганини қўшимча қилган. Қолаверса, Г.дан 500 доллар сўрамагани ва унинг фарзандини гаров эвазига ушлаб турмаганини таъкидлаган.
Фуқаро О. эса тергов-суриштирув жарёнида айбига қисман иқрор бўлиб, нотариусда ишлаган танишига қўнғироқ қилиб, ҳолатни айтган. Таниши боланинг туғилганлик гувоҳномасини ва онасининг паспортини олиб Андижон шаҳридаги “Бахт уйи” олдидаги нотариусга бориши кераклиги ҳамда ушбу нотариусда болани бошқа шахсга ўтказиб беришини тушунтирган. Шу сабаб О. ушбу ишини қонуний деб билганини таъкидлаган.
Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди ҳукми билан фуқаро О. 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Г. ва Ф.га эса аёл киши бўлгани, вояга етмаган фарзандлари борлигини инобатга олиб ЖКнинг 72-моддасини (Шартли ҳукм қилиш) татбиқ қилиб, тайинланган жазо шартли жазога алмаштирилди.
Диёра Абдураҳмонова
LiveБарчаси