Андижонда арзонлаштирилган шакар учун ур-тўполон бўлди
Жамият
−
04 Июнь 2022
18907Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги супермаркетлардан бирида арзонлаштирилган шакар учун навбатга турганлар ўртасида тартибсизлик юзага келиб, ур-тўполон бўлгани акс этган видео тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Монополияга қарши курашиш агентлиги изоҳ берди.
Қад этилишича, ҳолат бўйича Қўмитанинг Андижон вилояти бошқармаси ва тегишли мутасаддилар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган.
Ўрганиш давомида ҳолат туман марказий деҳқон бозорининг ёнида жойлашган “Korzinka” савдо мажмуасида юзага келгани ва ҳақиқатан ҳам шакар харид қилишда навбат юзага келгани аниқланган.
Бунга шакарга бўлган мавсумий талабнинг ортиши ва ҳафтанинг дам олиш кунларида аҳолининг кўп қисми бозор ва савдо мажмуалар ҳудудига бориши ва шакар арзон нархда сотилиши оқибатида келиб чиққан навбат сабаб бўлган.
Бунда 2 килограмм вазнда қадоқланган шакар 21 980 сўмдан, яъни 1 килограмм учун 10 990 сўмдан сотувга қўйилган.
“Талабнинг кескин ошишини инобатга олиб, мутасадди ташкилотлар маҳаллий ҳокимлик, прокуратура ҳузуридаги департамент ва монополияга қарши курашиш органлари томонидан тезкор чоралар кўрилди. Натижада савдо мажмуасининг қарама-қарши тарафида, марказий деҳқон бозори ҳудудида қўшимча равишда савдо растаси ташкил этилди ва қўшимча шакар ҳажмлари 9 800 сўмдан савдоларга чиқарилди”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси