Андижонда 24 нафар ўқувчи овқатдан заҳарланди
Жамият
−
09 Октябрь 2019
5065Овқатдан заҳарланиш ҳолати Самарқанддан кейин Андижон вилоятида ҳам кузатилди.
Маълум бўлишича, кеча, 8 октябрь куни соат 20:30да Андижон туман юқумли касалликлар шифохонасига 4 нафар фуқаро кўнгил айниши, қайд қилиш, бош оғриши, умумий ҳолсизланиш, ич кетиши, ошқозон соҳасида оғриқ, тана ҳарорати кўтарилиши каби шикоятлар билан мурожаат қилган.
Шу куни соат 00:00га қадар фаол аниқлаш йўли билан яна 23 нафар фуқаро "овқат токсикоинфекцияси" бирламчи ташхиси билан шифохонага ётқизилган.
Жами 27 нафар фуқародан 24 нафари туманнинг 35-мактаб ўқувчилари, 1 нафари синф раҳбари, 1 нафари мактаб ўқувчисининг онаси – туғилган кун муносабати билан торт пишириғи тайёрлаб олиб борган, 1 нафари эса шу синф ўқувчиси уйдаги кичик ёшдаги синглисига бергани натижасида заҳарланиш қайд этилган.
Ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини олиб бориш учун воқеа жойига вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази, вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорати инспекцияси мутахассислари жалб қилинди. Барча беморлардан олинган ажратмалар вилоят СЭОМ лабораториясида текширилмоқда.
Ҳозирда шифохонада 12 нафар бемор даволанмоқда, 15 нафарига эса аҳволи яхшилангани сабабли уйига рухсат берилган.
Беморларнинг аҳволи, якуний ташхис ҳамда ўтказилган профилактик ва эпидемияга қарши тадбирлар тўғрисида қўшимча ахборот тақдим этилади.
Ушбу вазият Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қатъий назоратга олинган.
LiveБарчаси