Андижонда 100 гектар ерни 128 минг долларга сотмоқчи бўлган мансабдорлар ушланди
Жамият
−
18 Апрель 2021
5217Давлат хавфсизлик хизмати Андижон вилояти бошқармаси ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ер сотиш билан боғлиқ бир нечта фирибгарлик ҳолатларига чек қўйган. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизматига таяниб, “Халқ сўзи” хабар бермоқда.
Хусусан, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги кичик саноат зоналарини бошқариш дирекцияси ходими 2 нафар шериги билан ўзаро тил бириктириб, маҳаллий фуқарога фермер хўжалиги ташкил қилиши учун Хўжаобод тумани ҳокимлигидаги мансабдор танишлари орқали 100 гектар ер ажратиб, тегишли ҳужжатларни тайёрлатиб бериш эвазига ундан 128 минг АҚШ доллари олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Қайд этилишича, терговолди суриштирув ҳаракатлари давомида мазкур шахслар ўзларининг бу ёрдамлари учун муқаддам аванс сифатида 7 минг АҚШ доллари олганликлари аниқланган.
Шунингдек, улар олган пулларининг 70 минг АҚШ долларини Андижон вилоят Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармасида ишловчи танишига бериши кераклиги маълум бўлди ва тезкор тадбир давом эттирилиб, у ҳам пулни олган вақтида ушланди.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган.
LiveБарчаси