“Андижонча спектакль” давом этади. Ролларда.... 

Жамият

image

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 17-18 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлардаги ўзгаришлар ҳамда аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида Андижон вилоятида бўлди. 

Ижтимоий тармоқларда Президентнинг Андижонга ташрифидан сўнг, марказий кўчалар бўйига экилган арчалар ва гуллар давлат раҳбари қайтиб кетгач, яна кавлаб олингани акс этган видеолавҳа тарқалди. Андижон вилояти ҳокимлиги мазкур воқеа юзасидан расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, видеолавҳада акс этган ҳолат шаҳар ободонлаштириш бўлими томонидан ҳудудда ободонлаштириш ишлари олиб борилаётган вақтда тасвирга туширилган. Ободонлаштириш ишлари олиб бориш жараёнида гулларга шикаст етмаслиги учун улар тасвирда акс этган автомобиль ёрдамида соя-салқин жойга, бироз муддатга кўчириб турилган.

“Йўлнинг 50 метр узунликдаги қисмида олиб борилган бу тадбир давомида экологлар тавсиясига кўра, қайта ўтқазилган кўчатларнинг янада ўсиб ривожланиши учун зарур агротехник шарт-шароит яратилган. Айни пайтда бу манзарали буталар яна ўз жойига қайта ўтқазилган”, дейилади ҳокимлик баёнотида.

Қайд этиш керакки, ҳокимлик хабарида арчалар ва гуллар қачон салқинга олингани ва яна ўрнига қайтарилганига аниқлик киритилмаган. Автомобилда олиб кетилаётган арча масаласига ҳам изоҳ берилмаган. Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлаш ўринлики, аввал ободонлаштириш ишлари амалга оширилган ҳудудларда дарахтлар ёки гуллар ердан қўпорилиб, бошқа жойга олиб турилиши билан боғлиқ ҳолат кузатилмаган. Ёки биз бехабармиз. 

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2019 йилда Андижонга амалга оширган ташрифидан кейин ҳам худди шунга ўхшаш ҳолат рўй берган эди. Ўшанда Президент пана-пастқам уйларда яшаётган аёллар билан мулоқот қилган ва аёллар янги уйга кўчиб ўтганини айтиб, Президентга миннатдорлик билдирган. Орадан кўп ўтмай, аёллар мутасаддилар босими ва буюртмаси асосида “Ўзбекистон-24” телеканалига ёлғон интервью бергани маълум бўлган ва бу ОАВда “Андижонча спетакль” номи билан тилга тушган. Бу воқеалар ижтимоий тармоқларда шов-шувга сабаб бўлгач “Андижонча спектакль” қаҳрамонлари янги уй билан таъминланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

376

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг