Андижон ҳокимлиги яна ёлғон муносабат тарқатдими?
Жамият
−
19 Ноябрь
7505Аввалроқ, Андижон вилоятининг Андижон шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкалини кўчириб, унинг ўрнига тураржой мажмуаси барпо этилиши ҳақида хабарлар тарқалган, вилоят ҳокимлиги бунга муносабат билдириб, ҳайкални кўчириш бўйича Илмий кенгаш вакиллари, бобуршунослар ҳамда Андижон оқсоқоллари бошчилигида ушбу мавзу муҳокама этилиб, керакли хулоса олинганини маълум қилганди. Бироқ QALAMPIR.UZ билан мулоқотда бўлган “Бобур халқаро жамоат фонди” раиси ўринбосари Рустамжон Мамасолиев ҳайкал кўчирилишидан хабари йўқлигини айтди.
“Раисимиз даволанишда. Бошқа бобуршуносларнинг Бобур ҳайкалининг кўчирилишидан хабари борми, йўқми, буни билмайман. Аммо бу ҳайкалнинг кўчирилишидан менинг хабарим йўқ. Ҳокимлик матбуот котиби айтган муҳокамада биз қатнашмаганмиз, бу хабарларни мен ҳам янгиликлардан билдим.
Лекин бир нарсани айтиш керак, ҳозир Бобур ҳайкали атрофига кўприк тушяпти. Кўприк битганидан сўнг ҳайкал унинг остида қолади ва бу ҳайкалга мос жой бўлмайди.
Агар фахрийлар, мутахассислар келишиб уни бирор муносиб жойга кўчиришни маслаҳатлашган бўлса, бизнинг унга қаршилигимиз йўқ”, дейди “Бобур халқаро жамоат фонди” раиси ўринбосари.
Шу ўринда савол туғилади. “Бобур халқаро жамоат фонди” раиси даволанишда бўлса, унинг ўринбосарининг ҳайкал кўчирилишидан хабари бўлмаса, ҳокимлик матбуот хизмати айтаётган бобуршунослар кимлар? Улар бор шахсларми ёки ҳокимлик яна ёлғон баёнот тарқатяптими?
Эслатиб ўтамиз, жорий йил ёзда Андижон вилоятида “Дунё садолари” халқаро фестивали бўлиб ўтган, тадбирдан сўнг ташкил этилган зиёфатда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг журналистларга қарата айтган “Менинг гапларимдан кавак қидирманглар. Овора бўлиб ёмонлик қидирмаларинг. Қўлларингдан бало ҳам келмайди барибир... Минг ўйлаганинг билан сочинг оқаради ёки тўкилади, холос, бошқа нарса бўлмайди” деган сўзлари ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди. Ўшанда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати вакили тақдим этган материалда ҳоким юқоридаги сўзларни журналистларга эмас, бошқаларга айтгани маълум қилинганди. Бироқ айни мулоқотда қатнашган бир қатор марказий ОАВ вакиллари Шуҳрат Абдураҳмонов юқорида келтирилган сўзларни журналистларга қарата айтганини тасдиқлаганди.
LiveБарчаси