Андижон ҳокими қурувчиларни ногиронлар аравачасига миндириб, пандусларни синовдан ўтказди
Жамият
−
30 Ноябрь 2022
11898Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Янги Андижон шаҳарчасидаги қурилиш ишлари билан танишиб, қурувчилар иштирокида махсус текширув ўтказди. Текширув жараёни акс этган видео Шуҳрат Абдураҳмоновнинг расмий Telegram каналига жойланган.
Унда вилоят раҳбари барча қурувчилардан ўзлари қурган йўлаклар бўйлаб ногиронлар аравачасида ҳаракатланиб кўришни, пандуслардан аравачада чиқишни ва унинг қиялигини қанчалик стандартларга жавоб беришини, ногиронлиги бор шахсларга қанчалик шароит яратилганини текшириб кўришни сўради.
“Қани ўтиринг, мен сиз билан ҳазиллашмаяпман. Кўряпсизми, чиқолмадингиз, дарров тушиб олдингиз. Соғломсиз-да. Энди тасаввур қилинг, ногирон одам нима қилади? Нимага тўғирлаб қўйишмайсан?” деган ҳоким зинанинг имконияти чекланганлар учун мўлжалланган қисмидан ҳаракатлана олмаган қурувчига.
Шунингдек, ҳоким бошчилигидаги жамоа ҳатто текис йўлларнинг, уйларга кираверишдаги йўлакларнинг ҳам имконияти чекланган одамлар учун ноқулайлигини кўрсатиб берган.
“Тасаввур қил, бу квартирани ногирон одам сотиб олди. Қандай киради уйга? Майли, ҳозир соғ одам олар, лекин, у эртага бошқа одамга, ногиронга уйини сотар. Ўша пайтда нима қилади? Ҳамманг қўрдим-қурдим деб кетяпсан, лекин ногиронлар ҳам инсон-ку?!” дейди Абдураҳмонов.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Сенати томонидан 2020 йилнинг 11 сентябрь куни “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган бўлиб, ушбу Қонуннинг 9-моддасида шундай ёзилган:
“Объектлар ва хизматларнинг қулайлиги ногиронлиги бўлган шахсларнинг бинолардан, иншоотлардан, транспортдан, ахборотдан ва алоқа воситаларидан, шу жумладан ахборот-коммуникация технологиялари ва тизимларидан, шунингдек бошқа объектлардан ва аҳолига кўрсатиладиган хизматлардан ўзга фуқаролар билан тенг равишда фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратиш йўли билан таъминланади.
Шаҳарларни, бошқа аҳоли пунктларини режалаштиришга ва қуришга, турар жой ва рекреация зоналарини шакллантиришга, янги қурилиш учун мўлжалланган лойиҳа ечимларини ишлаб чиқишга, биноларни, иншоотларни ва уларнинг мажмуаларини реконструкция қилишга, шунингдек умумий фойдаланишдаги транспорт воситаларини, ахборотни ҳамда алоқа воситаларини ишлаб чиқишга ва ишлаб чиқаришга мазкур объектларни ногиронлиги бўлган шахсларнинг улардан монеликсиз фойдаланиши учун мослаштирмасдан йўл қўйилмайди”.
LiveБарчаси