Аммандаги саммит Фаластиндаги уруш оловини ўчира олмайди – Иордания
Олам
−
18 Октябрь 2023
4852Иордания, АҚШ, Фаластин ва Миср раҳбарларининг Амманда бўлиб ўтиши керак бўлган саммити Яқин Шарқдаги урушни тўхтатишга қодир эмасди. Шунинг учун ҳам у бекор қилинди. Бу ҳақда Иордания Ташқи ишлар вазири Айман Ҳусайн Абдуллоҳ ас-Сафадий баёнот берди.
Вазирнинг сўзларига кўра, Иордания раҳбарияти Фаластин ва АҚШ вакиллари билан маслаҳатлашувлардан сўнг бу саммитни ўтказмасликка қарор қилган.
"Биз саммит орқали урушнинг олдини олиш, фаластинликларнинг инсоний қадр-қимматини ҳурмат қилиш ва уларга муносиб ёрдам беришни хоҳлаймиз", деган вазир.
Ас-Сафадийнинг қўшимча қилишича, йиғилишни ўтказишдан бош тортишга Исроилнинг Ғазо секторида Фаластин халқига қарши давом этаётган қирғинлари сабаб бўлган. Шунингдек, вазир Ғазо секторидаги Ал-Аҳли касалхонасига юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган ҳужум учун Исроилни жавобгар деб ҳисоблашини айтган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 17 октябрь куни тунда Ғазо секторидаги Ал-Аҳли шифохонасига ҳужум қилиниши оқибатида 800 киши ҳалок бўлганди. Ушбу ҳужум фонида АҚШ Президенти Жо Байден ҳам Иорданияга ташрифини қолдирганди. Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос ҳам Ал-Аҳли шифохонасига қилинган ҳужум муносабати билан Иорданияга ташрифини тўхтатди.
LiveБарчаси