Америкаликлар Россияни авиация технологияси билан таъминлашда айбланмоқда

Олам

image

Кеча, 2 март куни АҚШнинг Канзас-Сити шаҳрида икки америкалик АҚШ экспорт назоратини бузган ҳолда Россияга авиация технологияларини жўнатишда айбланиб, ҳибсга олинди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, 59 ёшли Кирилл Буяновский ва 55 ёшли Дуглас Робертсон АҚШнинг Канзас штати судида Россияда ишлаб чиқариладиган самолётлар учун авионика сотиш орқали АҚШ экспорт қонунларини четлаб ўтиш бўйича тил бириктирганликда айбланган. Улар ўзларига тегишли KanRus Trading Company’да технологияни таъмирлаб, Россияга жўнатган ва сохта экспорт маълумотларини тақдим этган. Масалан, таъмирланган ускуналар учун ҳисоб-фактурада Германия сўнгги манзил сифатида кўрсатилган, бироқ авионика Россия Федерал Хавфсизлик Хизматига юборилган.

Адлия вазирлиги маълум қилишича, 2022 йил 28 февралда АҚШ ҳукумати авионика юкини ҳибсга олганидан сўнг, АҚШ Савдо вазирлиги тадбиркорларга ускунани экспорт қилиш учун лицензия керак эканини айтган. Бироқ улар май, июнь ва июль ойларида электроникани ноқонуний равишда Арманистон ва Кипр орқали жўнатган.

Айбланувчилар тил бириктириш, назорат остидаги товарларни лицензиясиз экспорт қилиш, экспорт маълумотларини сохталаштириш ва тақдим этмаслик, АҚШ қонунчилигига зид бўлган контрабанда билан шуғулланишда айбланган. Суд уларни айбдор деб топса, Буяновский ва Робертсонга 20 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, Россия ўтган йили Украинага бостириб кирганидан сўнг АҚШ авионикага қўшимча чекловлар, шунингдек, Россиянинг мудофаа, аэрокосмик ва денгиз соҳаларига мўлжалланган бошқа товарлар устидан назоратни жорий қилган. Кейинчалик назорат Россиянинг нефтни қайта ишлаш, саноат ва савдо тармоқларини ўз ичига олган ҳолда кенгайтирилган.

Маълумот учун, авионика ҳаво кемаларида ўрнатилган алоқа, навигация, парвозларни бошқариш ва таҳдидларни аниқлаш тизимларини ўз ичига олади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг