Америкага саёҳат: АҚШдан нимани ўрганиш керак?

Бу қизиқ

Сўнгги йилларда Ўзбекистон энергия инқирозини бошдан кечираётгани сабаб унинг қайта тикланадиган энергия манбаларига бўлган эҳтиёжи тобора ортмоқда. Бундай эҳтиёж айниқса 2023 йил ва унинг аномал қиши давомида яққол кўзга ташланди. Ҳадемай ёз келиши билан мамлакатнинг бошқа бир муаммоси – иқлим ўзгариши сабаб сув танқислигининг юзага чиқиши ҳам унинг олдига муаммоларни тезроқ ҳал этиш вазифасини кўндаланг қўяди.

Бундай вазиятда қишлоқ хўжалигида интенсив йўналишлардан кенг фойдаланиш муаммонинг ягона ечими бўлиши мумкин. Албатта, бунда хориж тажрибаларини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.

Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг мазкур муаммоларни бартараф этишида ўз тажрибаси билан бўлишди.

Бунда АҚШ Давлат департаменти қошидаги Хориж матбуот маркази ва АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси мамлакатимизнинг қатор соҳалари вакиллари учун Вашингтондаги Meridian халқаро маркази билан ҳамкорликда дастур ташкиллаштирди.

Муаммоларимиз бир хил, ечимчи?

Дастурда иштирок этган ўзбекистонлик бир гуруҳ журналистлар қаторида QALAMPIR.UZ мухбири ҳам қатнашиб, АҚШнинг Калифорния штатида бўлди.

Улар дастур давомида экология, сув муаммолари, шамол энергетикасидан фойдаланиш хамда қишлоқ хўжалигидаги илғор тажрибалар билан танишиш имконига эга бўлишди. Шунингдек, қатнашчилар бу борада нодавлат-нотижорат ташкилотлари хамда волонтёрлик гуруҳлари вакиллари билан ҳам учрашиб, уларнинг жамоатчилик назоратини ташкил этган ҳолда мавжуд экологик ва ижтимоий муаммоларга маҳаллий ҳукумат эътиборини қаратиш, шу орқали муаммоларни амалий ҳал этиш юзасидан фаолиятларини ўрганди.

Америкалик мутахассислар Ўзбекистонга қурғоқчилик даврида ерости сувларининг камайиши оқибатида ерусти табиий флораси бўлган ўсимликларнинг қуриб қолишининг олдини олиш мақсадида ерости сувлари бурғуланишини имкон қадар камайтиришни тавсия қилди.

Шунингдек, улар ёмғир сувларини ўзида жамловчи замонавий технологиялар Ўзбекистонда етишмаслигини айтиб, бундай қурилмалар мамлакат учун ўта зарур эканини урғулади. Қаловерса, томчилатиб суғоришнинг мураккаб тузилмаси тўлиқ ишга туширилмагани, бу эса сувнинг исроф бўлишига олиб келаётгани айтилди.

Муаммоларга қарши фақат давлат эмас, бутун жамият курашади!

Америка аҳолиси гарчи турли миллатлардан ташкил топган бўлса-да улар Қўшма Штатларнинг умумий муаммоларига бефарқ эмас. Ўзбекистондан фарқли равишда Америкада жамиятнинг ҳар бир аъзоси иқлимий ва экологик муаммоларга ечим топиш устида бош қотиради. Ҳатто мамлакатда кўнгиллилардан иборат кўплаб атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ташкилотлари фаолият юритади.

Ана шундай ташкилотларидан бири Climate Reality Los-Angeles жамияти. Ушбу жамият 2017 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунга қадар 100 га яқин лойиҳаларни илгари суриб келади. Ташкилот аъзолари сони 700 дан ортиқ бўлиб, ўқитувчилар, олимлар, фаол фуқаролар, рассомлар, ҳикоячилар - барча кўнгиллилардан иборат. Жамият иқлим муаммолари ҳақида инсонларга маълумот бериш, кичик ва ўрта бизнес соҳаси вакилларини атроф-муҳит ҳимоясига жалб этиш борасида тадбирлар ташкил этади. Қизиғи, шунча жараённи ташкил этувчи жамоа аъзолари қилган ишлари учун ҳақ олишмайди.

Ёнғин хавф эмас – янги ҳаёт!

Сафар давомида ўзбекистонликлар Калифорния штатидаги таниқли масканлардан бири бўлган “Descanco” боғига борди. Боғ номи испан тилидан таржима қилганда “ҳордиқ оламан” деган маънони билдиради. Боғнинг ўзига хос жиҳати шундаки, маскан маҳаллий Калифорния флорасини ўз ичига қамраб олган.

Америка Қўшма Штатларининг энг катта муаммоларидан бири бу – ўрмон ёнғинлари билан ҳам машҳур. “Descanco” боғи ҳам ўрмон ёнғинлари туфайли бир неча бор зараланган. Аммо ботаника ва биология фанлари номзоди, мутаххасис Эндрю Эллис билдирган фикрга кўра, ёнғинлар Америка ўрмонларини вайрон қилмайди ,балки унга янги ҳаёт олиб келади. Олов ўсимликларни кул қилиши билан бирга, янги ниҳолларнинг жадал ўсиши учун ҳам замин яратади.

Фақат бундай фалокатлардан сўнг ўсимликларга жиддий эътибор қаратиш керак бўлади.

“Бу ердаги дарахтлар қурғоқчиликка бардош бериш учун қалин барглар шакллантиради. Бу барглар сувни сақлайди. Аммо ҳаво иссиқ бўлганида ушбу барглар ва бутун муҳит тез ёнувчан шаклга киради. Гўёки, ўрмон ёнғинга тайёргарлик кўради. Кейин ёнғин бўлади. Янги ҳаёт бошланади”, деди Эндрю.
Шавқатсиз курашлар фақат кинода акс этавермайди!

Санта-Моника тоғлари узра кўриниб турган Голливуд Американинг рамзларидан бирига айланиб улгурган. АҚШ ва шунингдек бутун дунё кино саноатининг маркази бўлмиш бу маскан ҳар йили энг кассабоп қатор фильмларни намойиш этиб боради. Улар орасида табиат ҳақидаги, унинг фожеалари ва муаммолари акс этган филъмлар ҳам бор, албатта.

Лекин табиатни сақлаш борасидаги кескин қарама-қаршиликлар фақат Америка киноларида эмас, унинг реал ҳаётида ҳам кузатилади.

Ана шундай шахслардан бири – Баҳром Фозилий. У асли эронлик бўлиб, атроф-муҳит муаммоларини ҳал қилувчи маҳаллий ташкилотлардан бирининг раҳбари. Унинг айтишича, атроф-муҳит ҳимояси бу осон иш эмас. Бу йўлда мутасадди ташкилотлар йирик корхоналар билан судлашишгача боришади.

Ташкилотлар ҳар қанча қудратли бўлмасин, Америкада уларни қонуний йўл билан енгиб чиқиш тажрибаси кўп кузатилган.

“Биз ҳомийлардан, аъзоларимиздан, турдош ташкилотлардан маблағ оламиз. Ушбу соҳадаги фаолиятимизни молиялаш учун ҳукумат билан ҳамкорлик қиламиз. Биз курашадиган корхоналар жуда кучли. Уларни тўғри йўлга йўналтириш, аҳоли учун ҳимоя воситаларини таъминлашга кўндириш осон иш эмас.

Тўғри, биз ҳар доим ҳам ютавермаймиз, лекин воз кечиб ҳам кетмаймиз”, деди Фозилий.

Худди шундай ташкилотлардан бири – Лос Анжелесдаги Sierra клуби. Ушбу ташкилот кўплаб ташаббуслар билан чиқмоқда. Хусусан, жамият аъзолари Калифорния штатини ядро энергиясидан холи штатга айлантириш ёки АЭСлар хавфини максимал даражада камайтириш учун курашмоқда.

“Биз қайта тикланувчи энергия манбаларига эътиборни қаратиш учун ҳаракат қиляпмиз. Яъники ядровий энергияга қарамликдан холи бўлган, масалан, қуёш энергияси, энергия сақлаш тузилмаларини ривожлантириш, шамол энергиясидан фойдаланиш. Чунки биз биламизки, ядро энергиясидан фойдаланишнинг қийинчиликлари бор, ядровий чиқиндилар, улар фойдаланиб бўлинганидан кейин хавфга айланади. Уларни сақлайдиган жой йўқ. Бу эса инсониятга, мавжудлигимизга катта хавфдир. Шунинг учун биз хавфсизлиги исботланган энергия ресурсларига ўтиш учун ҳаракат қиляпмиз- қуёш энергияси, энергия ҳосил қилувчи хавфсиз технологиялар. Энергия аввало хавфсиз бўлиши керак ҳамда уни яратиш катта маблағ талаб этмаслиги керак”, Sierra Club раҳбари Аура Васкез.

Америкага қилинган сафарнинг илк куни Санта Моника соҳилига саёҳат билан якунланди.Ўз мамлакати бағрида қуриган Орол денгизидан бошқа йирикроқ бирон денгиз, океан кўрмаган ўзбекистонликларнинг Тинч океанини кўриши азалий орзу – Ўзбекистоннинг океанга чиқиш орзусини янада алангалатиб юборди, дейиш мумкин.

Ўзбек халқининг доно бир нақли бор: “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ!” Лекин бу мақол америкаликларга тегишли эмас. Уларнинг Тинч океанидек улкан океани бор бўлса-да бир томчи сувнинг ҳам исроф бўлмаслиги учун мамлакат аҳли ҳар куни, ҳар дақиқада курашишда давом этади.

Шу боис Американинг ҳали Ўзбекистонликларга ўргатадиганлари кўп. QALAMPIR.UZ’ни кузатишда давом этинг.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made