Америка ҳарбий кемаси Хитой сувларига рухсатсиз кирди

Олам

image

Американинг “Chancellorsville” ракета крейсери Хитой ҳукуматининг рухсатисиз Жанубий Хитой денгизидаги Спратли оролларига туташ сувларга кирди. Бу ҳақда Хитой Халқ Озодлик Армияси жанубий зонаси жанговар қўмондонлиги матбуот котиби Тянь Цзюньли маълум қилди, деб ёзади ТАСС нашри.

“АҚШ ҳарбийларининг ҳаракатлари Хитой суверенитети ва хавфсизлигини жиддий равишда бузди, бу эса АҚШнинг Жанубий Хитой денгизида навигация гегемонлиги ва милитаризациясига интилишининг яна бир инкор этиб бўлмайдиган далилидир”, дейди Тянь Цзюньли.

Хабар қилинишича, Хитой Халқ Озодлик Армиясининг денгиз ва ҳаво кучлари Америка крейсеридан келиши мумкин бўлган хавфларни олдини олиш ва уни узлуксиз кузатиб бориш чораларини кўрган. Бунинг натижасида кема Нанша ороллари яқинидаги сувларни тарк этган.

Ўз навбатида, АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари ҳам расмий баёнот берди. Унда Хитой баёноти “нотўғри” экани таъкидланиб, буни “АҚШнинг қонуний денгиз операцияларини нотўғри кўрсатишга қаратилган ҳаракат” деб атади.

“Chancellorsville” ушбу операцияни халқаро қонунларга мувофиқ амалга оширди ва кейин очиқ денгиз эркинликлари амал қиладиган сувларда нормал операцияларни ўтказишни давом эттирди. АҚШ ҳар бир давлатнинг халқаро қонунлар рухсат берган жойда парвоз қилиш ва сузиш ҳуқуқини ҳимоя қилади”, дейилди АҚШ баёнотида.

Маълумот учун, Пекин бир неча ўн йиллардан бери Бруней, Вьетнам, Малайзия ва Филиппин каби давлатлар билан Жанубий Хитой денгизидаги алоҳида оролларнинг кимга тегишлилиги борасида баҳслашиб келади. Бунинг сабабларидан бири оролларда углеводородларнинг катта захиралари топилганлигидир. Хиша архипелаги (Парасел ороллари), Нанша (Спратли) ва Хуанян ороллари энг баҳсли ҳудудлар ҳисобланади. Сўнгги йилларда кўп томонлама саъй-ҳаракатлар, жумладан, Хитой-ASEAN форматидаги ҳамкорлик туфайли кескинлик бироз юмшади. Бироқ Хитой ҳукумати ҳамиша Америка Қўшма Штатларининг янги кескинлашувга олиб келиши ва минтақадаги вазиятга зарар етказиши мумкин бўлган провокацион ҳаракатларидан норозилигини билдиради.

Алибек Бейжанов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

147

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made