AMD ва Cray дунёдаги энг кучли суперкомпьютер яратишмоқчи
Бу қизиқ
−
08 Май 2019
4486AMD ва Cray компаниялари ҳамкорликда кейинги 3 йилда (ушбу суперкомпьютерни яратиш 2021-2022 йилга мўлжалланган) нафақат АҚШ, балки жаҳонда анологи бўлмаган энг кучли компьютерни яратишмоқчи. У “Frontier” номини олиши кутиляпти.
Лойиҳани амалга оширишда АҚШ Энергетика вазирлиги ва Ок-Риж миллий лабораторияси иштирок этади. Компьютер нафақат супер қувватга, балки энг сўнгги сунъий интеллектга ҳам эга бўлади.
Маълум бўлишича, янги суперкомпьютернинг кучлилик даражаси 1,5 эксафлопсдан (эксафлопс – миллион триллион ёки квинтиллион) ошади. Бошқача айтганда, машина 1 секундда 1,5 квинтиллион (1 500 000 000 000 000 000) операцияларни амалга ошира олади.
“Frontier” Теннеси университети қошидаги Ок-Риж миллий лабораториясига ўрнатилиши режалаштирилган.
«Рекорд даражадаги кучли Frontier компьютери бизга дунё илм-фанида етакчиликни қўлга киритишимизга ҳамда нафақат америкаликларнинг, балки бутун дунё аҳлининг ҳаёти ва иқтисодий тараққиётига сабаб бўлади», — дейди АҚШ Энергетика вазири Рик Перри.
Унинг сўзларига кўра, бугун АҚШ бу каби суперкомпьютерларни яратишга катта эътибор қаратади. Негаки Хитой ҳам бу каби машиналарни яратишда фаол ҳаракат қилмоқда. Бугунги кунда АҚШ сунъий интеллект соҳасида дунёда етакчиликни қўлдан бермай келяпти, бироқ Хитой ҳам бу борада жадал ривожланмоқда.
“Расмий Пекиннинг СИ (сунъий интеллект) соҳасидаги хитойлик ишлаб чиқарувчиларга инвестиция киритиши ва қўллаб-қувватлашидан мақсад ягона: сунъий интеллект борасида жаҳон етакчилигини АҚШдан олиб қўйиш” – деган Рик Перри.
Frontier суперкомпьютерининг марказий процессорлари сифатида махсус AMD EPYC чипларидан фойдаланилади. Янги тизим профессионал графикали Radeon Instinct қурилмаси билан жиҳозланади.
The Verge порталининг хабарига кўра, тизим интернет уланиш тезлигига нисбатан 24 миллион баравар юқори бўлган тармоқ кенглиги ҳисобига маълумотларни тезкорлик билан қайта ишлаш имконига эга бўлади.
Бу нима дегани? Мисол учун, ушбу компьютер 1 секундда HD форматидаги 100 мингта фильмни қайта ишлай олишга қодир бўлади.
Суперкомпьютерни жойлаштириш учун 680 квадрат метр ҳудуд керак бўлади. Бу иккита баскетбол майдонига тенгдир. Тизимни оптимал даражада улаш учун турли хилдаги 150 километр сим ишлатилади.
Айни пайтда дунёдаги энг кучли суперкомпьютер IBM Summit ҳисобланади. Ўтган йили фойдаланишга топширилган компьютер ҳам Ок-Риж миллий лабораториясига жойлаштирилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь