Амалдорлар учун айрим жарималарни ошириш режалаштириляпти

Жамият

image

Давлат ҳокимияти ва мансабдор шахслар томонидан монополияга қарши курашиш органи фаолиятига аралашганлик ҳамда унга тўсқинлик қилиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши мумкин. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида белгиланган.

Маълумки, амалдаги кодексда давлат ҳокимияти ва мансабдор шахслар томонидан содир этилган айрим ноқонуний ҳаракатлар учун, монополияга қарши курашиш органи фаолиятига аралашганлик ҳамда унга тўсқинлик қилиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланмаган. Хусусан, қонун лойиҳасида қуйидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликлар белгиланиши кўзда тутилган:

•  Монополияга қарши органнинг қоидабузарликларни тугатиш, бартараф этиш тўғрисидаги огоҳлантиришларини бажаришдан асоссиз бўйин товлаш, ўз вақтида ёки лозим даражада бажармаслик учун - фуқароларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 30 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима;

•  Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, лицензиялаш, рўйхатга олиш, аккредитациядан ўтказиш ва рухсат бериш ваколати берилган давлат унитар корхоналари ёки муассасалари, юридик шахслар бирлашмалари мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан рақобатни чеклайдиган қарорлар қабул қилиш, хомашё, товарлар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши ва реализация қилинишини ноқонуний чеклаганлик учун - БҲМнинг 200 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима;

•  Монополияга қарши орган фаолиятига ноқонуний аралашиш ҳамда унинг ходимларига уларга юклатилган вазифа ва функцияларни қонуний бажаришларига тўсқинлик қилиш мақсадида ҳар қандай шаклда таъсир ўтказиш, давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ҳамда электрон маълумотлар базаларига монополияга қарши органнинг уланиши ва электрон тарзда маълумотларни эркин олишига тўсқинлик қилганлик учун - мансабдор шахсларга БҲМнинг 30 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима.

Баъзи ҳуқуқбузарликларга ҳам “Рақобат тўғрисида”ги қонунда санкциялар белгилангани, ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда  жарималар белгиланган. Бир ҳаракат учун иккита жавобгарликка тортмаслик мақсадида қуйидаги ҳуқуқбузарликлар учун кодексда маъмурий жавобгарликлар бекор қилинмоқда:

•  хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юборишда, қўшиб олишда ҳамда акцияларни (улушларни) ва бошқа мулкий ҳуқуқларни олиш бўйича битимлар тузишда монополияга қарши талабларни бузиш;

•  рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларни келишиб олинган ҳолда содир этиш ва битимларни тузиш, шунингдек товар ёки молия бозорида устун мавқени суиистеъмол қилиш, худди шунингдек танлов (тендер) ёки биржа савдоларига доир монополияга қарши талабларни бузиш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқбузарликлар.

Лойиҳага кўра, баъзи ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдори оширилиши ҳам режалаштириляпти. Хусусан, монополияга қарши органга ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи органларга ахборот тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик ёхуд уларга била туриб ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тақдим этганлик учун жарималар – фуқароларга БҲМнинг 3 бараваридан 10 бараваригача (ҳозир БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача), мансабдор шахсларга 30 бараваридан 50 бараваригача миқдорда (ҳозир БҲМнинг 3 баравардан 5 бараваргача) ошириш назарда тутилган.

Шунингдек, қонун лойиҳасида рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузишга доир маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишларни монополияга қарши курашиш органи томонидан тўғридан-тўғри кўриб чиқиш мақсадида айрим ўзгариш ва қўшимчалар киритилиши ҳам кўзда тутилган.

Қонун лойиҳаси муҳокамаси 1 июнга қадар давом этади.

Аббос Лапасов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

22

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг