Аляска АҚШ ҳукуматини судга берди
Олам
−
08 Январь
11459АҚШнинг Аляска штати Президент Жо Байден маъмуриятига қарши нефть ва газ қазиб олиш учун ерларни ижарага беришга қўйилган чекловлар бўйича судга мурожаат қилди. Бу ҳақда кеча, 7 январь куни “Reuters” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Аляска маъмурияти 2024 йил декабрь ойида қабул қилинган АҚШ ҳукумати қароридан норози. Ушбу қарор Аляска ҳудудида нефть ва газ қазиб олиш учун ерларни ижарага беришга қўйилган чекловларни ўз ичига олади. Иш ҳужжатларида айтилишича, чекловлар туфайли 400 минг акр (162 минг гектар) ер майдонида ишларни амалга ошириш “имконсиз ёки амалга ошириш қийин” бўлиб қолган. Оқибатда Арктика миллий қўриқхонасида келгусида нефть қидирув ва қазиш ишлари жиддий равишда чекланади. Аляска ҳукумати суддан маъмуриятнинг декабрдаги қарорини бекор қилишни ва ҳукуматга кимошди савдосида ижара шартномаларини беришни тақиқлашни талаб қилмоқда.
Маълумот учун, АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ўз лавозимига киришишининг биринчи кунида Байден томонидан энергия манбалари ишлаб чиқарилишига қўйилган барча чекловларни бекор қилишга ваъда берган. Шу жумладан, у Арктика миллий қўриқхонасида нефть ва газ қазиб олишни қайта очиш ниятини билдирган. Бу қарор Аляска учун катта иқтисодий аҳамиятга эга, чунки штат бюджети кўп жиҳатдан нефть ва газ қазиб олишга боғлиқ. Суд иши эса ушбу чекловларни бекор қилиш учун қўшимча уриниш сифатида кўрилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нью-Йорк штати судьяси Хуан Мерчан АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампга порноактриса Сторми Дэниелсга тўловлар бўйича ҳужжатларни қалбакилаштириш иши бўйича ҳукм чиқаришни 10 январга тайинлагани хабар қилинганди.
LiveБарчаси