“Аллоҳ бу дунёни кўр билан чўлоққа қолдирганига куляпман”. Амир Темур Боязидни қандай ер тишлатган?

Фойдали

image
0:00
0:00
download

“Менимча, жаҳонда ўтган саркардаларнинг энг улуғи Амир Темурдир. У ҳеч қачон бирор урушни кўр-кўрона, фақат ҳарбий омадга ишониб бошламаган. У ҳар бир ҳарбий юришга жиддий, пухта, аниқ ҳисоб китоб асосида узоқ йиллар давомида ҳозирлик кўрган. Масалан у Анқара жангида Боязид устидан қозонган ғалабасига ақл билан эришди”.

Мустафо Камол Отатурк
Туркия Республикаси асосчиси

XIV асрнинг иккинчи ярмида икки буюк ҳукмдорнинг номи дунёга ёйилди. Биринчиси, Мовароуннаҳр заминидан мўғулларни қувиб, ўзининг жасурлиги ва закийлиги билан улкан салтанат барпо этган Соҳибқирон Амир Темур бўлса, иккинчиси Кичик Осиёдаги (ҳозирги Туркия) барча бекликларни ўзига бўйсундириб, Болқон ярим оролида жойлашган давлатларни бирин-кетин фатҳ этаётган, яшиндек тез қозонган ғалабалари билан Европа мамлакатларини зир титратган, Усмонийлар империяси султони Боязид I Йилдирим эди.

Лекин “иккита қўчқорнинг калласи бир қозонда қайнамайди”, деганларидек бу икки туркий қавм ҳукмдори ўртасидаги ўзаро келишмовчилик охир-оқибатда урушни келтириб чиқарди. Ушбу мақоламизда Соҳибқирон Амир Темур ва Боязид I Йилдирим ўртасида вужудга келган ўзаро зиддиятлар ва Анқара жанги ҳақида сўз юритамиз. 

Соҳибқирон салтанати

Соҳибқирон Амир Темур  Самарқандни 1370 йилда эгаллаб, мустақил давлат тузади. Шундан сўнг, Амир Темур мамлакати сарҳадларини ҳарбий юришлар орқали кенгайтира бошлайди. Соҳибқирон 1381 йилда Ҳиротни эгаллаб, 1386 йилдан 1388 йилгача Эронга қарши “Уч йиллик” юриш қилади. 1382-1397 йиллардаги бир нечта ҳарбий юришлардан сўнг, Озарбайжон, Арманистон ва Мозандаронни қўлга киритади. 1398 йилдан 1402 йилга қадар Гуржистон (ҳозирги Грузия)га беш маротаба юриш қилиб, уни эгаллайди. Шу тариқа Амир Темур салтанатининг жанубий-ғарбий чегаралари Кичик Осиёда секин-аста кенгайиб бораётган Усмонийлар империяси сарҳадларига туташади.

Боязид Йилдирим

1389 йилда Усмонийлар империяси султони Мурод I Косово шаҳрида сербларга қарши жанг вақтида ҳалок бўлади. Жанг майдонининг ўзида тахтни султоннинг 19 ёшли ўғли Боязид эгаллайди ва сербларга қарши жангни давом эттиради. Боязид ёш бўлишига қарамай, тез орада кўплаб ҳарбий юришларда зафар қучади. Хусусан Дунай бўйи давлатларини ўзига бўйсундириб, Македония, Фессалияни фатҳ этиб, Грецияга бостириб киради. У 1396 йил Никопол яқинида Венгрия қироли Сигузмунд бошчилигидаги Европанинг турли давлатларидан йиғилган отлиқ қўшинини тор-мор этиб, Византия империясининг пойтахти Константинопол шаҳрини қамал қилади. Урушларда тезкорлик билан ғалаба қозонгани учун Боязидга “Йилдирим” – чақмоқ лақаби берилади.

Амир Темур ва Боязид ўртасидаги илк муносабатлар

1395 йил март ойининг бошларида, Амир Темур Олтин Ўрда хони Тўхтамишхонга қарши юриши олдидан, Боязид Йилдиримга илк мактубини йўллайди. Соҳибқирон ўзининг хатида Усмоний султонини шарқона одоб-ахлоқ қоидаларига кўра, юксалтириб, уни “Буюк султон, Худонинг душманларига қарши қиличи, мусулмонлар манфаатларининг ҳимоячиси ва Худо томонидан Ислом чегараларини қўриқлаш учун юборилган ҳукмдор”, деб улуғлаган.

Мактубда Амир Темур ўғли Мироншоҳ Боязидга дўстлик таклифи билан элчи юборганлигини эслатиб, уни Тўхтамишхонга қарши юришда иттифоқчи бўлишга ундайди. Соҳибқироннинг режасига биноан Усмонли султони Боязид Болқондан, Амир Темурнинг ўзи эса Кавказдан Тўхтамишхонга ҳужум қилиши керак эди. Аммо Боязиднинг асосий мақсади Европани забд этиш бўлгани учун бу таклифни рад этади.

Амир Темур ва Боязид ўртасидаги низо

Амир Темур Ҳиндистон юришидан 1399 йилнинг бошида пойтахт Самарқанд шаҳрига қайтиб келгач, салтанатининг ғарбий чегараларидаги вазиятни ўрганади. Қора қуюнли Туркман қабиласининг ҳокими Қора Юсуф ва Аҳмад Жалойир Амир Темур Ҳиндистонга кетганидан фойдаланиб, Арманистон, Ироқ ва Озарбайжон ҳудудларига бир неча марта ҳарбий юришларни амалга оширишган эди. Лекин Қора Юсуф ва Аҳмад Жалойир мағлубиятга учраб, Турк султони Боязид Йилдирим ҳузурига бошпана сўраб боришади. Боязид эса уларни ўз ҳимоясига олиб, бошпана беради. Бундан хабардор бўлган Амир Темур ўз элчиси орқали Боязидга хат ёзиб, Қора Юсуфни унга топширишини талаб қилади.

Амир Темур ва Боязид ўртасидаги хат ёзишмалар

Араб тарихчиси Ибн Арабшоҳнинг “Амир Темур тарихи” китобида Амир Темурнинг Боязид Йилдирим билан мактуб ёзишмалари келтирилади.

“Ер-у кўкни яратган Тангри таолога чексиз шукрлар бўлсинки, етти иқлим мамлакатларининг кўпини менинг фармонимга киргизди ва олам султонлари ва ҳокимлари менга эгилиб, итоат қилиш ҳалқасини жон қулоқларига тақдилар. Ўз қадрини билиб, ҳаддидан ошмай, жасорат оёқларини тийган бандасини Тангри ёрлақасин. Сенинг насли-насабинг, ким эканлиги жаҳон халқи олдида маълумдир. Шундай экан, ҳолингга муносиб иш тутиб, журъат оёғини олдинга қўймаки, ранж-у меҳнат балчиғига ботиб, бало чуқурига йиқилгайсан. Иқбол эшигидан ҳайдалган бир тўда иғвогар кишилар ғаразли ишларини бажариш учун сенинг паноҳингдан жой олиб, ухлаб ётган фитнани уйғотмишлар. Яна ўшаларнинг иғвоси билан офат ва бало эшигини давлатнинг юзига очмагил. Мазкур мактуб етиши билан Қора Юсуфни менинг олдимга юборгил. Йўқ эса, тақдир пардаси икки лашкар сафларини тўқнашганида юзингга очилғусидир.”

Йилдирим Боязиднинг Амир Темурга йўлаган жавоби:

“Эй, қари кўппак! Сен золим кофирларнинг энг ашаддийсисан. Мактубингда бизни қўрқитиб, ҳийла билан чув туширмоқчи бўлибсан. Усмонли султонларини ажамларнинг подшоҳларига ўхшата кўрма. Усмонли аскарлари Қипчоқ ўлкасидаги татарлар каби нимжон, ҳиндлар каби бўшанг, аҳмоқ ва ялқов эмасдирлар. Усмонли аскарлари Ироқ ва Хуросон аскарларига ўхшаган ҳамиятсиз ва паришон эмас, балки ниҳоятда ғурурли аскардирлар. Шунингдек, сен Усмонли аскарларини Шом ва Ҳалаб (Мамлук) аскарларига ҳам ўхшатма... 

Бу мактуб қўлингга етиб борганидан кейин, кимда ким жанг майдонига келмай, ортга чекинса, унинг хотини уч талоқ булғай!”

Европанинг урушга алоқаси

Англия, Франция, Венеция ва Генуя қироллари Амир Темур ва Боязид ўртасидаги низодан фойдаланиб, ҳар икки томонни бир-бирига қарши қайрашар эди. Чунки, бу уруш Европага хавф солаётган Йилдирим Боязиднинг ҳам, Амир Темурнинг ҳам қудратини анчайин заифлаштирар эди. Шунинг учун Франция, Генуя, Венеция ҳукмдорлари Амир Темурга элчи юбориб, Боязид билан бўлиб ўтадиган бўлажак урушни тезроқ бошлашга ундашар эди. 

Амир Темурнинг ғарб томон юриши

Соҳибқирон султон Боязиддан бундай ҳақоратли хатни олганидан сўнг, икки туркий ҳукмдорнинг тўқнашиши муқаррар бўлиб қолди. Амир Темур ғарб томон бўладиган юришига пухта тайёргарлик кўра бошлайди. Ёзма манбаларда, узоқ сафарга отланиши олдидан Соҳибқирон ўз аскарларига етти йиллик маошни тарқатганлиги қайд этилади. Амир Темур 1399 йилда Ғарб томон ҳарбий юришни бошлайди. Соҳибқирон ғарб томон юришида йўл-йўлакай гуржилар исёнини бостириб, қишни Қорабоғда ўтказади. 1400 йилнинг август ойида Кичик Осиёдаги муҳим қалъа Сивасни босиб олса-да, Боязид билан бўладиган ҳал қилувчи жангга шошилмайди. Иложи борича бу урушнинг олдини олишга, уни тинч, сиёсий воситалар билан ҳал қилишга уриниб, Боязид Йилдиримга иккинчи мактубини ёзади.

Амир Темурнинг Боязид Йилдиримга ёзган иккинчи мактубида шундай дейилади:

“Сен ўзингни Аллоҳ йўлидаги мужоҳид, бизларни эса ноҳақдан қон тўкувчи кофир ҳамда мени мункиллаб қолган бир жангчи деб ўйлайсан, чоғи? Билки, мен ўтган умримнинг қирқ йилини Худо учун жиҳод қилишга сарфлаган одамман. Фаолиятим давомида қанчадан-қанча қалъалар ва ўлкаларни фатҳ қилиб, ер юзини чиркинлик ва ифлосликлардан тозалаш билан машғулман. Аммо шу онда ўтган кунларимдан кўра янада қатъиятли, янада жиддийроқман. Олиб борилган курашлар асносида қанчадан қанчасини итоат қилдирганмиз, кўпчилик бу йўлда биз учун жонларини фидо қилдилар. Шундай экан, нега сизлар бизга итоат қилишдан, бўйсунишдан бош тортмоқдасиз? Устига-устак, менинг ёшим сеникидан кўра улуғроқ.

Бугунга қадар қаерга юриш қилмайин, жуда ҳам қисқа муддатда ўша ерни қўлга олганман. Сивасни ҳам қисқа муддатда босиб олдим. Сен эса Малатияни қуршаб олдинг, тўрт ойлаб қамал қилдинг ва лекин барибир босиб ололмасдан, чекинишга мажбур бўлдинг. Айни дамда ҳам Синоп қалъасига ҳужум қилиб, ҳамон босиб ололмаяпсан.

Илк мактубингдаги каби таҳдид ва ғурурга берилма, ақл олмас сўзларни ишлатишга жасорат қила кўрма. Ваҳоланки, Сивасда асир тушган одамларинг орқали ҳозирги аҳволингдан хабардорман. Қолаверса, мусулмон мусулмонни ранжитиши, хон ва молларини хароб қилиши жоиз бўлмаган ишдир. Шундай экан, тўғри жавоб ёзишни фазилат билиб, ўзингни ва халқингни хароб бўлишдан қутқариб қол.

Биз билан сулҳ тузиб, маъзурингни ифода қилган жавоб мактуби ёзсанг, сен билан орамизда дўсту биродарлик ришталари боғланади. Натижада кофир Франкка қулай фурсат бермаган бўласан, биз ҳам Сивасни тарк этиб, орқага қайтамиз. Бизнинг ниятимиз сизларни кучсиз ҳолга солиб, ўзингиз билан ўзингизни овора қилиб, кофирнинг динига ёрдам бериш эмас! Бизни ҳам, аскарларимизни ҳам кофир, динсиз, бузуқ эътиқодли мазҳаб эгалари ва хунук одатли инсонлар деб хомтама бўлма! Аскарларимизнинг ота-боболари мусулмон бўлишган, улар мусулмонларнинг фарзандларидир. Қандай қилиб улар ҳидоятда бўлмасликлари мумкин? Қолаверса, Усмонли аскарларининг аксари кофирлардан ташкил топгани ҳеч кимга сир эмас.

Олий мақсадимиз: Жаҳонни фатҳ қилишдир. Салтанатимиз номига хутбалар ўқилиб, тангалар босилаётир. Мусулмонларнинг энг буюклари – Улул-Амр эканлигимизга заррача шак-шубҳа йўқдир! Бизнинг насл-насабимиз Эл Хони Оли шаънга (эл хонларининг шонли оиласи) бориб тақалади. Агар самимий саломингиз ва гўзал ифодалар акс этган мактуб юборсангиз, ҳар икки томонда ҳам бироз илиқлик ва ҳурмат пайдо бўлади. Акс ҳолда, қаламлар ўз ишини қиличга топширади. Вассалом!”

Боязид Йилдиримнинг иккинчи мактубга жавоби:

Замонасининг жаҳон султони – Темур Кўрагоний!

Сивасга келиб ерлашишингни, бизнинг Табризга қараб йўналганимизга солиштириб, беўхшов қиёслаш қилибсан. Ваҳоланки, биз Кефедан Ширвонга бориб, у ўлкани босиб олсак, ким бизга қаршилик кўрсата оларди? Қипчоқ халқи сиздан безигани учун биз билан истиқомат қилишни маъқул кўришмоқда.

Малатия ва Синоп борасидаги иддаоларингиз ҳам нотўғри. Уруш баъзи сабаблар юзасидан тўхтатилди, бизнинг аскарларимиз озлиги, сизнинг аскарларингиз кўплиги сабабли енгилганимиз йўқ. Кастамон ва Караман ҳокимларининг хиёнатлари ва ўша вақтда фурсатдан фойдаланиб, баъзи вилоятларимизга ҳужум уюштиришлари, бизнинг Малатия ва Синопдаги қамалимизни кечиктириб қўйди.

Шуни яхши билки, отам Эртуғрул Хон уч юзга яқин аскари билан Ҳулагу Татарларининг ўн мингини ер тишлатган ва Олоуддин Кайқубоднинг устидан ғолиб бўлган. Шундан кейин давлатни бошқариш шарафига ноил бўлган, қироллик ҳирқасини кийган. Аллоҳнинг лутфи ила Салжуқийлар оиласи ўрнига идорани ўзига олиши ҳеч қандай исён ёки тўнтаришлар билан юзага келмаган.

Усмон Бей тахтга ўтириши биланоқ, ер юзининг тўрт бурчагидаги кофирларга қарши кеча-кундуз икки юз мингдан ортиқ аскари билан жанг қилган.

Бугун салтанатимиз юлдузининг тўртинчи ҳалқаси юртни бошқармоқда. Шу кунгача биз фатҳ қилган қалъа ва шаҳарларнинг адади биздан олдин ўтган султонларнинг хаёлларига ҳам кирмаган. Бизнинг назаримизда, дунё ва ундаги неъматлар Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш олдида сомон чўпичалик қадрсиздир. Усмонлилар аскарига Абдуллоҳ ўғли (яъни, мусулмонзода) деб хитоб қилишдан ғурурланамиз. Чунки бутун саҳобайи киромнинг оталари кофир бўлсалар-да ўзлари мусулмон бўлдилар. Бундай мусулмонлар инсофсиз мусулмонзодалардан минг чандон устундирлар.

Сизга Сивасни ҳароб қилиб, аҳли Исломнинг иззат-обрўсини поймол этганингиздан сўнг, нима ҳам дейиш мумкин? Сиз ўз айбларингизни ёпишга уринмоқдасиз. Араб ва форс тилларида келган мактубларингизда аччиқ пўписа, қўполлик, кибр ва ғурурдан бошқа ҳеч нарса йўқ. Усмонлилар оиласи ҳийла билан ўлкаларни ўзлариники қилиб олмаганлар.

Мактубларимиз олий ақлли давлат арконларимиз билан маслаҳатлашилган ҳолда битилди”.

Амир Темурнинг жангга тайёргарлик кўриши

Бу мактубни ўқигач, Соҳибқирон Боязид билан бўладиган ҳал қилувчи жанг тарадудини кўра бошлади. Амир Темур энг аввало ўз нигоҳини Шом (Сурия) ҳудудларига қаратади. Чунки бу ерлар Боязид билан яқин алоқада бўлган Миср султони Фаражга қарашли эди. Мабодо Соҳибқирон Боязидга қарши юриш бошласа Фараж Боязидга ёрдамга келиши мумкин эди. Шу сабабли Амир Темур биринчи галда Миср султонини тор-мор келтириб, уни чекинишга мажбур этади. Дамашқни эгаллаб, Бағдод томонга қўшин тортади. Гарчи Бағдод Амир Темурга жангсиз таслим бўлса-да, Соҳибқирон шаҳарни икки ой давомида қамал қилиб эгаллайди. Амир Темур Бағдодни эгаллашининг сабаби агар урушда Боязиднинг қўли баланд келса, Бағдод унинг иттифоқчисига айланиши мумкин эди. Амир Темур султон Боязидга мактублар ёзиб, жангни кечиктиришга уринади. Бу орқали Соҳибқирон уч мақсадни кўзлаган эди.

Биринчидан, Амир Темур вақтни чўзиш орқали Боязиднинг иттифоқчиларини бирма-бир йўқ қилади. Иккинчидан, ўз рақибининг кучли ва кучсиз тамонларини ўрганади. Учинчидан, эса Амир Темур Мовароуннаҳрдан амирзода Муҳаммад ва Султон Баҳодир бошчилигидаги келаётган ёрдамчи кучларни кутаётган эди.

Амир Темурнинг Боязидга ёзган сўнгги мактуби

Соҳибқирон ҳар бир жанг тақдирини аввал ақл билан шундан кейингина қилич билан ҳал қилишни маъқул кўрар эди. Соҳибқирон Боязид билан бўладиган ҳал қилувчи жанг олдидан сўнгги мактубни йўллаб, Боязидга бешта шарт қўяди. 

Биринчидан: Вассали бўлган Арзижон амирига тобе Камах шаҳрини яна ўз эгасига қайтариш ва Камахни босиб олган пайтида асирга олинган Тахартон оиласини озод қилиш.

Иккинчидан: Шаҳзодалардан бирини ўз ҳузурига омонатга юбориш.

Учинчидан: Тобелик белгиси бўлган камарни қабул қилиш.

Тўртинчидан: Онадўли бекларидан тортиб олинган ерларни ўз эгаларига топшириш.

Бешинчидан: Қора қуюнли раиси Қора Юсуфни банди қилиб, ҳузурига юборишни сўрайди. 

Амир Темурнинг бу талабларини эшитган Боязид Йилдирим “Ҳали шарафимиз ҳам, кучли қўшинимиз ҳам бор”, деб Амир Темурга мактуб ва армуғонлар жўнатади. Мактубда султон Боязид ўз исмини катта ҳарфда ёздириб Амир Темурнинг исмини эса кичик ҳарфларда ёздириб, Соҳибқиронни ҳақорат қилади.

Бу ҳақоратга жавобан Амир Темур 1402 йилнинг апрель ойида Қурия дарёсини кечиб ўтиб, бирин-кетин Тартун, Кемох ва Қайсария шаҳарларини эгаллаб Туркия билан Сурия ва Бағдод алоқаларини кесиб қўяди. Соҳибқирон тўрт кунда 120 чақирим йўлни босиб ўтиб, Кир шаҳрига кириб келади. Амир Темурнинг бу ҳаракати аслида тактик тадбир бўлиб, тажрибали саркарданинг асосий мақсади Боязидни асосий кучларини шаҳар мудофаасига ташлашга мажбур этиб, сўнг унга қақшатқич зарба бериш эди. Тўқат шаҳри ёнида асосий ҳарбий кучлари билан турган Боязид Соҳибқирон аскарларининг Анқара шаҳрини қамал қилганлигидан хабар топади ва қамалдагиларга кўмак беришга ошиқади. 

Анқара жанги

Амир Темур ва Боязид Йилдирим ўртасида кечган жанг тарихга “Анқара жанги” номи билан кирган бўлиб, бу воқеа 1402 йилнинг 20 июлида бошланган. Тарихий ёзма манбаларда, икки ўртадаги кучлар нисбати тўғрисида турлича маълумотлар учрайди. Баъзи тарихчилар, Амир Темурнинг ғалабасини камситиш мақсадида Соҳибқироннинг лашкарлари сонини жами бўлиб 800 минг, Боязид Йилдиримнинг қўшини сонини 200-250 минг деб таъкидлашади. 

Кўплаб тарихий адабиётларда эса “Анқара жанги”да ҳар икки томондан 360 минг қўшин қатнашгани келтирилади. Бу адабиётларда Амир Темур томонида 200 минглик қўшин, Боязид Йилдирим томонда эса 160 минглик черик қатнашгани ҳақида маълумот берилади.

Соҳибқирон  ҳар бир уруш олдидан рақибини синчиклаб ўрганиб, аниқ тактика асосида жанг олиб борган. У Анқара жангида ҳам шундай қилди. Амир Темур ҳал қилувчи жанг олдидан  ҳарбий хийла ишлатиб, Боязиднинг лашкари сафидаги қора тотор жангчиларига махфий тарзда мактуб ёзади ва уларни жанг вақтида ўз тарафига ўтишини таклиф этади. Бу таклифга қора тотор жангчилари рози бўлишади. 

Амир Темур қўшиннинг олди қаторига Ҳиндистондан келтирилган 32 та жанговар филларни жойлаштириб, ўнг қанотга ўғли Мироншоҳни, чап қанотга эса Шохруҳ Мирзони масъул этиб тайинлайди. Соҳибқироннинг ўзи эса, севимли набираси Муҳаммад Султон билан биргаликда марказда туриб, қўшинга қўмондонлик қилади.

Жангда Боязид Йилдиримнинг отлиқ қўшини Амир Темурнинг ўнг қанотини марказдан ажратиб қўйиш мақсадида ҳужумга ўтади. Аммо бу ҳужумни Мироншоҳ қайтаришга муваффақ бўлади. Сербиядан келган Боязиднинг қайниси княз Лазаревич отлиқ аскарлар билан Шохруҳ Мирзо бошқараётган чап қанотга ҳужум қилади. Шохруҳ Мирзо ҳарбий хийла ишлатиб, ўзини ортга чекингандай қилиб, ортидан келаётган сербларни қуршаб олади. Шу вақтда Амир Темур тарафига ўтиб кетган қора тоторлар Боязид Йилдиримнинг чап қанотига ҳужум қилиб, қуршаб олишади. Яничарларнинг мардонавор жанг олиб бориши Боязид қўшинининг аҳволини бироз бўлса-да яхшилайди. Аммо икки қанотнинг қуршовга тушиб қолиши сабабли Боязид қўшинининг маркази очилиб қолади. Шу вақтда Амир Темур Ҳиндистондан олиб келинган 32 та филни жанг марказига ташлайди. Баҳайбат жанговар филлар марказдаги Боязид қўшинини янчиб ташлаб, жанг масаласини ҳал этади. Аҳвол оғирлигини кўрган Усмонли беклари Боязидга чекинишни тавсия қилишганида у бунга кўнмасдан яничарлар билан урушни давом эттиради. Аммо отасининг енгилаётганини кўрган шаҳзода Сулаймон Чалабий отасини ташлаб пойтахт Бурсага қочади. Акасининг ортидан шаҳзода Муҳаммад ва Исо Чалабийлар ҳам оталарини ташлаб қочишади. Урушда Боязиднинг мағлубиятга учрагани аниқ бўлиб улгурган эди. Фақатгина марказда Боязид Йилдиримнинг ўзи яничарлар билан қаттиқ қаршилик қилиб, таслим бўлишни истамас эди. Тез орада Амир Темур лашкарлари Боязидни қуршаб олиб, яничарларни битта қўймай қириб ташлашди.

Қўлга олинган Боязидни Соҳибқироннинг ҳузурига олиб келишганида, Амир Темур Боязидни ўрнидан туриб қарши олар экан, Боязидга зимдан назар солиб кулиб юборади. Ушбу кулгудан жаҳли чиққан Боязид Соҳибқиронга мағлубнинг устидан кулиш одобсизлик эканлигини айтганида, Амир Темур “Аллоҳ бу дунёни кўр билан чўлоққа қолдирганлиги учун куляпман”, деб жавоб беради.

Шундай қилиб “Анқара жанги” Соҳибқироннинг ғалабаси билан тугади. Бундай ёрқин ғалабадан сўнг Амир Темур ўзининг азалий одатига кўра ўз жангчиларига  катта зиёфат бериб, совға-саломлар ва инъомлар улашади. Анқарада бир ҳафта тургач, Боязидни олиб Кютахья шаҳрига йўл олади. Бу шаҳарда бир ой тургач, Амир Темур Боязиднинг тўнғич ўғли шаҳзода Сулаймонга мактуб йўллаб, уни ўз ҳузурига чорлайди. Шаҳзода Сулаймон бу таклифига рози бўлиб Соҳибқироннинг ҳузурига келиб, ўз итоатини билдиради. Амир Темур Онадўлуда саккиз ой туриб, бу орада Боязид Йилдирим эгаллай олмаган Измир қальасини 15 кунда забт этиб, Боязидни лол қолдиради. Кутилмаганда Боязид бот касаллигига дучор бўлиб қолади. Соҳибқирон султонни Оқ қалъага даволаниш учун жўнатиб юборади. Аммо 1403 йил 8 март куни султон Боязид вафот этади. Амир Темур шаҳзода Мусони ҳузурига чақириб “Отангизнинг муқаддас хокини султонларга хос иззат-икром билан Бурсага олиб бориб, тириклигида ўзи қурдириб қўйган иморатга дафн этинг”, деб буюради. Боязиднинг тўнғич ўғли Сулаймон Чалабийни эса туркларнинг Европадаги вилоятларига ҳоким этиб тайинлайди. Шундан сўнг Амир Темур 1404 йилнинг май ойида Самарқанд томон йўлга отланиб, июлда пойтахтга етиб келиб, Хитой сафарига тайёргарлик кўра бошлайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1575

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг