Алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси ташкил этилади
Жамият
−
05 Июнь
3989Ўзбекистонда Алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси ташкил этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони имзоланди.
Унга кўра, истеъмол ва техник этил спирти, алкогол ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва реализация қилиш ҳамда ушбу жараёнлар устидан назоратини таъминлаш бўйича ягона давлат сиёсатини юритишда иштирок этиш инспекциянинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.
Шунингдек, 1 октябрдан истеъмол ва техник этил спирти, алкогол маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қуйидаги қўшимча лицензия талаблари жорий этилади:
- йиллик лицензия тўловларини, шунингдек, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларга риоя қилиш;
- алкогол маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ва уларнинг савдосида сифат талабларига, шунингдек, акциз маркаларини қўллаш ҳамда идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш тартибларига риоя этиш;
- алкогол маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнларини мониторинг ва назорат қилиш имконини берувчи видеокузатув воситаларини ўрнатиш.
Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари улгуржи реализациясига оид шартномалар солиқ органларида мажбурий ҳисобга қўйилади
Фармонга мувофиқ, 2024 йил 1 октябрдан:
- яширин ишлаб чиқариш, акциз маркасиз, рақамли маркировкасиз ёки сифатсиз алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳолатлари аниқланганда ишлаб чиқариш ускуналари давлат фойдасига ўтказилади;
- қалбаки акциз маркали, акциз маркасиз, рақамли идентификация воситаси билан маркировкаланмаган, қалбаки маркировка кодлари билан маркировкаланган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари назорат қилувчи органлар томонидан муомаладан олинади ва ушбу маҳсулотлар билан савдо қилиш ҳуқуқини берувчи лицензия (рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат) белгиланган тартибда бекор қилинади;
- истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари улгуржи реализациясига оид шартномалар солиқ органларида мажбурий ҳисобга қўйилади;
- ҳар ярим йил якунлари бўйича ароқ, шунингдек, истеъмол этил спиртидан ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқаришда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш кўрсаткичи 60 фоиздан кам бўлганда, белгиланган 60 фоизнинг бажарилмаган қисмига акциз солиғи суммасининг 50 фоизи миқдорида молиявий жарима ҳисобланади.
Бунда ҳар ярим йиллик якунлари бўйича мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш кўрсаткичи 60 фоиздан кўп бўлганда ва акциз солиғи тўлиқ тўланган тақдирда, ундирилган молиявий жарима суммалари корхонага қайтариб берилади.