Алиев ва Пашинян чегарани аниқлаш жарёнини бошлашга келишди

Олам

image

Кеча, 22 май куни Бельгия пойтахти Брюсселда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Европа кенгаши президенти Шарль Мишелнинг Қорабоғдаги можарони тартибга солиш бўйича учинчи учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Арманистон ҳукумати сайтида хабар берилди.

“Муҳокама якунида минтақавий коммуникацияларни очиш ишларнинг кейинги бориши ҳамда Демаркация ва чегара хавфсизлиги бўйича комиссия ишини бошлаш юзасидан келишувларга эришилди”, дейилади хабарда.

Томонлар, шунингдек, “икки давлат ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш бўйича музокаралар жараёнига тайёргарлик кўриш” ва гуманитар масалаларни муҳокама қилди. Янги уч томонлама учрашув июль ёки август ойларида режалаштирилди.

Европа иттифоқи Кенгаши томонидан эълон қилинган баёнотда, шунингдек, “яқин кунларда” чегарани делимитация қилиш масаласини муҳокама қилиш учун чегара комиссияларининг биринчи қўшма йиғилиши ўтказилиши эълон қилинди.

Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Кенгаши хабарида қайд этилишича, томонлар “чегара бошқаруви, хавфсизлик, ер тўловлари, шунингдек, халқаро ташишлар контекстида божхона тўловлари тамойиллари тўғрисида”ги келишувга эришдилар. Бу борадаги ишларни ваколатли шахслар давом эттиради.

Озарбайжон Президенти Матбуот хизмати фақат учрашув факти ҳақида хабар берди, эришилган келишувлар ҳақида ахборот келтирмади.

Баку ва Ереван апрель ойи бошида бўлиб ўтган аввалги уч томонлама музокаралар чоғида делимитация комиссиясини тузишга келишиб олган эди. Шу билан бирга, Озарбайжон Арманистонга 2020 йилда можаро тугаганидан кейин ҳам тузилмаган тинчлик шартномаси лойиҳасини таклиф қилди ва Арманистон бу ҳужжатга жавоб қайтарди. Лойиҳанинг бандларидан бири чегараларни делимитация ва демаркация қилишдир.

Бу орада Қорабоғдаги вазият кескинлашди. Март ойида Озарбайжон ҳарбийлари Қорабоғнинг Россия тинчликпарвар кучлари масъулияти зонасида жойлашган Парух (озарб. Фарух) қишлоғига ҳарбийлар киритди.

Россия тинчликпарвар кучлари 2020 йил кузда бўлиб ўтган сўнгги ҳарбий можаро тугаганидан кейин Қорабоғ ҳудудига киритилган ва беш йил шу ерда бўлади.

Қорабоғ уруши  

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олишди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10-сига ўтар тунда “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Шуниси аниқки, уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.  

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган Bayraktar учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.

 

Севинч Тўхтабоева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

19

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made