Алиев Озарбайжон Арманистон билан музокара бошлашга тайёрлигини айтди

Олам

image

Озарбайжон Арманистон билан муносабатларни нормаллаштириш учун музокараларни бошлашга тайёр. Жараён Европа Иттифоқининг фаол иштирокида ўтиши керак. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ЕИнинг мамлакатдаги янги элчиси Петер Михалкодан ишонч ёрлиғини қабул қилиш маросимида айтиб ўтди.

“Ҳозир асосий масала урушдан кейин минтақада хавфсизлик ва тинчликни таъминлаш. Биз бу саҳифани ўтказишни хоҳлаймиз, бизнинг сиёсатимиз шу. Биз қўшнимиз Арманистон билан муносабатларни яхшилашни хоҳлаймиз. Биз Арманистон билан тинчлик шартномасини имзолаш, чегараларни делимитация қилиш бўйича музокараларни бошлашга тайёрмиз. Бу жараён қисман бошланди”, деган Илҳом Алиев.

Озарбайжон Президенти Европа Иттифоқи ҳам бу жараёнда фаол иштирок этиши мумкинлигига тўхталиб, бу кўплаб соҳаларда муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беришини таъкидлаган.

Давлат раҳбарига кўра, бу йўналишда катта кўламдаги ишларни бажариш керак.

Қорабоғ можароси

2020 йилнинг 27 сентябрь куни Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Қорабоғ уруши қайта оловланди. 

Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари 2020 йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди.

Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтди. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.

Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.

Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди.  Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади. 

Ноябрь ойига келиб Озарбайжон Қуролли Кучлари Тоғли Қорабоғдаги муҳим ҳудудларни, жумладан стратегик жиҳатдан аҳамиятли бўлган Шуша шаҳрини ўз назорати остига олди. Ушбу ҳарбий ҳаракатлар 2020 йилнинг 9 ноябрь куни Россия Федерацияси, Озарбайжон Республикаси Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ўртасида имзоланган қўшма баёнот билан ўз якунига етди. Сулҳ битимига кўра, 10 ноябр соат 00:00 дан бошлаб Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар бутунлай тўхтатилди, Арманистон Тоғли Қорабоғдаги 3 та ҳудудни Озарбайжонга қайтариш мажбуриятини олди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

39

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг