Алиев Италияга борди. Драги уни катта илтифот билан кутиб олди
Олам
−
02 Сентябрь 2022
4000Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев кеча, 1 сентябрь куни Италияга борди ва Римда республика Вазирлар Кенгаши раиси Марио Драги билан яккама-якка учрашди.
Дастлаб Президент Илҳом Алиевни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Озарбайжон Президенти шарафига фахрий қоровул саф тортди.
Учрашувда Президент Илҳом Алиев 2020 йилда Италияга давлат ташрифи ҳамда аввалги расмий ва амалий ташрифларини ёдга олди.
Суҳбат чоғида мамлакатлар ўртасидаги сиёсий мулоқот ривожланиб бораётганидан мамнунлик билдирилган, стратегик шерикликка асосланган алоқалар ривожланиб бораётгани таъкидланган.
Вазирлар Кенгаши раиси Марио Драги бу галги ташриф мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилишини, Италия ва Озарбайжон ўртасида стратегик шериклик даражасида жуда яхши алоқалар ўрнатилгани, ўзаро товар айирбошлаш доимий равишда ошиб бораётгани, энергетика соҳасида муваффақиятли ютуқларга эришилаётганини таъкидлаган.
Учрашувда Озарбайжоннинг Европа Иттифоқи ва Италиянинг энергия хавфсизлигини таъминлашдаги муҳим роли алоҳида таъкидланган. Шу билан бирга, мамлакатлар ўртасидаги иқтисодиёт, фан, таълим, маданият, санъат ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалаларига ҳам тўхталиб ўтилган. Бундан ташқари, босқиндан озод қилинган ҳудудларда амалга оширилган реставрация ва реконструксия ишларида Италия компаниялари фаол иштирок этаётгани алоҳида қайд этилган.
Суҳбат чоғида Европа Иттифоқи ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар, Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйеннинг Озарбайжонга ташрифи ҳамда Озарбайжон билан Европа Иттифоқи ўртасида энергетика соҳасида стратегик шериклик тўғрисидаги англашув меморандумининг имзоланиши муҳокама қилинган.
Йиғилишда Европа Иттифоқи Кенгаши Президенти Шарль Мишель кўмагида ташкил этилган Брюссел Тинчлик кун тартибининг аҳамияти таъкидланган ва шу муносабат билан Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик келишуви бўйича музокаралар бошланганига эътибор қаратилган ҳамда бу жараён минтақада барқарор тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилишига умид билдирилган.
LiveБарчаси