Алишер Усмонов ЕИни судга берди
Олам
−
19 Июль 2022
8032Россиялик миллиардер Алишер Усмонов Европа Иттифоқи томонидан унга нисбатан қўлланилган санкцияларни бекор қилиш талаби билан Европа судига мурожаат қилди. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” нашри хабар берган.
Қайд этилишича, Алишер Усмонов ва унинг синглиси Гулбаҳор Исмоилова уларга қарши санкцияларни бекор қилишдан ташқари, ЕИдан 20 минг доллар миқдоридаги суд харажатларини тўлашни талаб қилмоқда.
Шунингдек, Усмонов ўз аризасини судда кўриб чиқишни тезлаштирмоқчи. Миллиардер буни санкциялар туфайли бир нечта тижорат шартномалари бекор қилингани, натижада унинг учта компанияси банкротлик ёқасида қолгани билан изоҳлаган. Аммо ўтган ой суд Усмоновнинг илтимосини рад этган.
Британия Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, март ойида санкциялар рўйхатига тушганидан сўнг Алишер Усмонов бир қатор активларини синглиси Гулбаҳор Исмоиловага ўтказган. Хусусан, Исмоилова “Дилбар” яхтасининг ягона эгаси ҳисобланади. Тошкентдаги Федорович номидаги клиник санаторийнинг 82,1 фоиз акциялари ҳам Гулбаҳор Исмоиловага тегишли.
Исмоилованинг Буюк Британиядаги барча активлари музлатилган, унга мамлакатга кириш тақиқланган.
Жорий йилнинг 8 апрель куни Европа Иттифоқи кенгаши Алишер Усмоновнинг яна бир синглиси Саодат Нарзиевани санкциялар рўйхатига киритганди. Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази Нарзиева Швейцария банкларидаги умумий қиймати 2 миллиард доллардан ортиқ бўлган 27 дан ортиқ банк ҳисоб рақамларининг бенефициари эканлигини ёзган.
Айтиш жоизки, Алишер Усмонов Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Президент Владимир Путинга яқин бўлган, деб ҳисобланган бошқа россиялик олигархлар қатори Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган эди.
Санкциялар доирасида миллиардерга Европа Иттифоқига кириш тақиқланган, унинг активлари музлатилган. Март ойи бошида Франция ҳукумати Алишер Усмоновга алоқадор иккита вертолётни ҳибсга олди. Шунингдек, Германия ҳукумати Гамбургдаги кемасозлик заводида Алишер Усмоновнинг 600 миллион долларлик “Дилбар” яхтаси ҳибсга олинди. Италия нашрлари миллиардернинг Сардиниядаги вилласи ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, Украинадаги уруш туфайли Европа Иттифоқи санкцияларига дучор бўлган миллиардер Роман Абрамович Европа расмийлари унга етказилган зарарни қоплаши кераклигини айтганди.
Бундан ташқари, миллиардерлар Петр Авен ва Михаил Фридман ЕИ санкцияларини суд орқали бекор қилишга интилмоқда.
LiveБарчаси