Алишер Шодмоновга мурожаат йўллаган бемор аҳволи оғирлашгани, шифокорлар ёлғон гапираётгани айтмоқда

Жамият 38876

Аввалроқ, Жиззах вилояти политехника институти ётоқхонасида ташкил этилган коронавирусга чалинган беморларни даволаш марказида қолаётган бемор Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга мурожаат йўллагани, мазкур видеомурожаатда баён қилинган ҳолатлар юзасидан Жиззах вилоят прокуратураси томонидан ўрганиш бошлангани ҳақида хабар берган эдик. 

Бугун, 2 октябрь куни бемор Қобилжон Абдусатторов навбатдаги видеомурожаатини йўллади. У 14 кунлик даволаниш жараёнида соғайиш ўрнига, аҳволи оғирлашгани ва ўз ихтиёри билан шифохонанини тарк этаётганини айтади. У шифокорларни ёлғон баёнот беришда айблаган. 

“Мен бугун ўз хоҳишим билан Жиззах вилояти политехника институти ётоқхонасида ташкил этилган коронавирусга чалинган беморларни даволаш марказини тарк этяпман. Бунинг сабаби иккита. Биринчи сабаби: мен ўша куни мурожаат қилганимда жуда соғлом эдим. Ўша куни деярли чиқишим керак эди. Лекин аҳволим кундан кунга оғирлашиб, умуман бу (кислород концентратори)сиз нафас ололмайдиган даражага келиб қоляпман. Бунинг сабабини билмайман. Мен ўз хафсизлигимни ўйлаб, бу ерни тезда тарк этишга қарор қилдим. Иккинчидан, мен, мени даволаётган врачнинг ёлғончилигини билиб қолдим”, дейди Қобилжон Абдусатторов.

Унинг видеомурожаатига марказ шифокорнининг “Замон” теледастурига берган интервьюси жойлаштирилган. Интервьюда шифокор бир-икки соатгагина дориларда узилиш бўлгани, беморларни дорилар билан доимий равишда таъминланиб келинаётганини айтади. 

Бемор эса коронавирусни даволашда ишлатилаётган дориларни ўзи сотиб олганини исботлашга ҳаракат қилади ва уларнинг қутиларини кўрсатади. Унинг қайд этишича, Бош прокуратура баёнотидан кейин коронавирусга чалинган беморларни даволашга ихтисослашган ушбу марказда “тозалаш” ишлари олиб борилган, шундан кейин бирдан дорилар пайдо бўлиб қолган, барча беморлардан ўзлари билан олиб келган дориларини сумкаларига солиб қўйиш сўралган. 

Қобилжон Абдусатторов Бош прокуратурадан телеканалда ёлғон интервью берган шифокорни жавобгарликка тортишни сўрайди. Шунингдек, у “Замон” дастури журналистини вазиятни холис ўрганмаслик, беморларнинг дориларни сотиб олаётганини сўрамаганликда айблайди. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1545
Рейтинг: 3
t
×