Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона иш вақти 23:00гача узайтирилади
Жамият
−
23 Апрель 2019
18914Кеча, 22 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида республикадаги ахборот-кутубхона муассасаларининг бугунги ҳолати, мавжуд муаммолар, соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси ва халқаро тажрибаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбир “Central Asia – 2019: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” XIII Халқаро анжумани доирасида ташкил этилди. Унда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси раҳбар ва мутахассислари, ҳамкор давлат ташкилотлари вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Мулоқот давомида қишлоқ аҳолисининг барча қатламларини кутубхона хизмати билан қамраб олиш, узоқ ҳудудларда истиқомат қиладиган аҳоли учун кўчма кутубхоналар ташкил этиш, ҳужжатларни электрон етказиб бериш, ахборот-кутубхона ресурсларидан масофадан туриб фойдаланишни ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилинди. Якка ва гуруҳли ҳамда оммавий китобхонликни тизимли равишда ташкил қилиш, фойдаланувчилар ўртасида мутолаа маданиятини ошириш мавзуларида маърузалар тингланди. Шунингдек, ахборот-кутубхона муассасалари ва мутахассисларининг имиджини яхшилаш юзасидан таклифлар билдирилди.
“Охирги 2-3 йил ичида аҳоли ўртасида кутубхона иш вақтини чўзиш бўйича мурожаатлар кўпайди. Хорижий мамлакатларда 24 соат давомида ишлайдиган кутубхоналар ҳам бор, одатда у ерда соат 00:00 дан кейин навбатчилар, мутахассислар қолади. Чунки уларнинг ишлари тўлиқ электрон шаклга ўтиб бўлган. Бизнинг кутубхонамиз аввал Вазирлар Маҳкамасига қарашли эди, 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига ўтди. Раҳбарият билан биргаликда кутубхона иш вақтини 23:00 га қадар узайтириш кўриб чиқилаяпти. Кечки вақт ишлайдиган ходимларга амалдаги қонунчилик бўйича иш ҳақи тўлаш масаласи ўрганилмоқда. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси 23:00 га қадар ишлаши учун фондни сақлаш, хизмат кўрсатиш каби бўлимларда 36 та қўшимча иш ўрни яратилиши талаб этилар экан. Бу масалалар устида ҳозир иш олиб борилмоқда. Мазкур тажриба самара берса, бошқа кутубхоналарга ҳам татбиқ қилинади”, дейди Миллий кутубхона директори Умида Тешабоева.
Тадбирда 24-26 апрель кунлари Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро анжуманнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтилди.
“Халқаро анжуман моҳияти Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган беш ташаббуснинг тўртинчисига, яъни аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш ғоясига ҳамоҳангдир. Фан, таълим, маданият, бизнес соҳаларида электрон ахборот ресурсларни қўллаш ва бунда ахборот-кутубхона муассасалари, ўқув юртлари, архивлар, музейлар ҳамда бошқа ташкилотларнинг ҳамкорлигини кенгайтириш лозим. Шу нуқтаи назардан, кутубхоналар ишининг муаммолари, уларнинг инновацион ривожланиш йўлларини излаш бугунги кунда долзарб аҳамият касб этади”, дейди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Китоб савдоси ва ахборот-кутубхона ресурслари бўлими раҳбари В.Ҳамидов.
Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона маркази директори Ҳ.Каримова, Ўзбекистон Фанлар академияси фундаментал кутубхонаси директори З.Бердиева 400 дан зиёд мутахассис қатнашадиган ушбу Халқаро тадбирнинг тажриба алмашиш учун катта майдон бўлиши, республика миқёсида соҳа ривожига амалий таъсир кўрсатишини эътироф этди.
Матбуот анжуманида АҚШ Орегон штати Портленд шаҳри кутубхона жамғармаси ижрочи директори Меррис Сумралл, Қозоғистон Миллий кутубхонаси Нодир китоблар ва қўлёзмалар хизмати раҳбари Толкын Замзаевалар иштирок этди ва истиқболдаги ҳамкорлик режалари муҳокама қилинди.
LiveБарчаси