Алиментчиларни “запрет”дан чиқариш йўллари тушунтирилди

Жамият

image

Алимент тўлайдиган шахсга қўйилган чекловни бекор қилишнинг иккита йўли мавжуд: алиментни олдиндан тўлаш ёки гаров қўйиш йўли билан чекловни бекор қилиш. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси фаолиятининг 9 ойлик якунлари ва истиқболдаги режалар мавзуида ўтказилган матбуот анжуманида Бошқарма бўлим катта инспектори Бекзод Раҳматов маълум қилди.

МИБ вакилининг сўзларига кўра, олдиндан тўлаш тартибида қарздор давлат ижрочисига ариза билан мурожаат қилади. МИБ вакили унинг иш ҳақи (ишламайдиган бўлса) бўлмаса, Ўзбекистон Республикасидаги ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда алимент тўловларини фарзандлар вояга етгунга қадар, лекин 5 йилдан кам бўлмаган муддатга олдиндан ҳисоблаб беради

Алимент ижро ҳужжатлари тартиби бўйича қарздор томонидан алимент ўз вақтида тўланмаган даврда унинг четга чиқиш ҳуқуқлари чекланади. Ҳуқуқ чеклангач, қарздор томонидан алимент тўлаб юрилиши ушбу чекловни бекор қилишга асос бўлмайди. 

Агар фарзандлар вояга етишига 5 йилдан кам муддат қолган бўлса, ҳисоб ўша қолган муддатга биноан амалга оширилади. Қарздор ҳисоблаш қарорини олгач, тегишли ҳужжатни берган судга ижро этиш усули ва тартибни ўзгартириш бўйича мурожаат қилади. Суд мурожаатни кўриб чиқиб, олдиндан чиқариш қарорини тасдиқлаб бергач қарздорнинг чиқиш ҳуқуқига бўлган таъқиқ бекор қилинади.

Гаров шартномаси эса — қарздор ва ундирувчи ўртасида келишган ҳолда тузилади. Гаров мулки сифатида энг кам ойлик иш ҳақининг 200 бараваридан кам бўлмаган мулк қўйилади. Бу ҳолда ҳам қарздор юқоридаги тартибда судга мурожаат қилиши лозим.

"Фуқаро четга чиққандан кейин икки ойдан ортиқ муддат алимент пулини тўламаса, ундирув ўша гаров мулкига қаратилади", деди Бекзод Раҳматов.
Қайд этиш кераки, шу йилнинг ўтган 9 ойи давомида Бюронинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва ҳудудий туман бўлимларига алимент ундируви билан боғлиқ бўлган 27 минг 215 та ижро ҳужжатлари келиб тушган. 

Шу асосда, 324 та қарздор маъмурий жавобгарликка тортилган, 20 нафар алиментчи оталарга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 122-моддаси (Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш)га асосан жиноят ишлари қўзғатилган. Алимент пулларини тўламасдан яшириниб юрган 168 нафар қарздорлар қидириб топилган ва улардан алимент пули ундирилган. 65 нафар қарздорга нисбатан қидирув ишлари давом эттирилмоқда.

Шунингдек, алимент тўлови бўйича қарздор шахслар билан ўтказилган профилактика ва тушунтириш ишлари натижасида 229 та оила яраштирилишига эришилган.


Мақола муаллифи

Теглар

МИБ алимент тўловчи

Баҳолаганлар

133

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг