“Ал-Наср” Роналду билан шартномани узайтирмоқчи
Спорт
−
13 Июль
4056Саудия Арабистонининг “Ал-Наср” футбол клуби раҳбарияти португалиялик ҳужумчи Криштиану Роналду билан янги шартнома борасида музокараларни бошлади. Бу ҳақда журналист Бен Жейкобс Х'даги саҳифасида маълум қилди.
Манбага кўра, футболчи билан янги келишув 2026 йилгача амал қилади. Янги шартнома Роналдунинг 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этиш имкониятини оширади, чунки футболчи мундиалда иштирок этишни режалаштирмоқда.
Шартнома муддати тугагач, футболчи профессионал фаолиятини якунламоқчи.
Роналду 39 ёшда, у 5 карра “Олтин тўп” соҳиби, 5 карра Европа Чемпионлар лигаси ғолиби, Европа чемпиони, Миллатлар лигаси ғолиби ҳисобланади. Португалиялик футболчи терма жамоалар, Европа чемпионатлари, Европа Чемпионлар лигаси ва клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати тарихидаги энг яхши тўпурар саналади. Футболчи фаолияти давомида Испаниянинг “Реал Мадрид” клубида клуб тарихидаги энг яхши тўпурарга айланган.
Роналду 2022 йилнинг декабрида “Ал-Наср”га ўтган эди. Португалиялик ҳужумчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2025 йилнинг 30 июнига қадар амал қилади. 2023 йил август ойида Роналду “Ал-Наср” билан Араб чемпионлари кубогини қўлга киритди.